Ўзбекистон | 19:48 / 26.01.2026
3633
2 дақиқада ўқилади

Нипаҳ вируси Ўзбекистонда қайд этилмади – Санэпидқўмита

Ҳиндистонда хавфли Нипаҳ вируси тарқалмоқда, аммо унинг Ўзбекистонга кириб келиш эҳтимоли пастлиги айтилди.

Сўнгги йилларда Нипаҳ вируси эпидемиялари мунтазам равишда Ҳиндистонда кузатилмоқда, шу билан бирга инсонга юқиш ҳолатлари Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларида ҳам рўйхатга олинади. Аммо Нипаҳ вируси Ўзбекистонда қайд этилмаган – эпидемиологик вазият барқарор, бу ҳақда Санэпидқўмита хабар берди.

Қайд этилишича, Нипаҳ вируси зооноз касаллик бўлиб ҳайвонлардан инсонга юқади масалан, кўршапалаклардан. Шунингдек, зарарланган озиқ-овқат орқали ва одамдан-одамга ҳам юқиши мумкин. Нипаҳ вируси – бош мия яллиғланиши ёки нафас йўллари касалликлари билан кечадиган жиддий хасталикни келтириб чиқаради.

Таъкидланишича, ушбу касалликнинг Ўзбекистонга кириб келиш эҳтимоли жуда паст. Аммо Ҳиндистонга боришни режалаштираётганлар қуйидаги тавсияларга амал қилиши муҳим:

- шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш;

- қўлларни совун билан яхшилаб ювиш;

- антисептик воситалардан фойдаланиш;

- мевалар ва сабзавотларни истеъмол қилишдан аввал ювиш;

- текширилмаган сувни ичмаслик;

- кўршапалаклар тирнаши ёки тишлаши оқибатида тешилган меваларни истеъмол қилмаслик.

Тавсияга кўра, агар юқори ҳарорат, кучли бош оғриғи ёки бошқа касаллик белгилари пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак.

Хабарга кўра, Ўзбекистонда эпидемиологик вазиятни барқарор ушлаш ҳамда четдан кириб келиши мумкин бўлган касалликларнинг олдини олиш мақсадида 54 та чегара пунктида доимий назорат олиб борилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид