Жаҳон | 16:08
1442
2 дақиқада ўқилади

ЕИда Россия дипломатлари учун чекловлар кучга кирди

Жосуслик ва дезинформациядан ҳимояланиш мақсадида ЕИда Россия дипломатлари аккредитация қилинган мамлакатидан ташқарига сафарлари ҳақида олдиндан хабар бериши шарт. ЕИ аъзолари, шунингдек, қўшимча рухсатномаларни ҳам талаб қилиши мумкин.

Фото: Michael Bihlmayer/CHROMORANGE/picture alliance

Европа Иттифоқида Россия дипломатларига нисбатан янги чеклов чоралари кучга кирди — улар РФга қарши 19-санкциялар пакети доирасида қабул қилинган. Янги қоидаларга кўра, якшанба, 25 январ кунидан бошлаб РФ дипломатик корпусининг Шенген ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиши чекланади.

Энди Россия дипломатлари, консуллик муассасалари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари аккредитацияси бўлмаган ЕИга аъзо давлат ҳудуди орқали сафар қилиш ёки транзит ўтиш нияти бўлса, бу ҳақда камида 24 соат олдин (24 соатдан кечиктирмай) олдиндан хабардор қилиши шарт.

Бундан ташқари, ЕИ аъзоси бўлган айрим давлатлар Россия дипломатлари учун — бошқа давлат томонидан берилган виза ёки яшаш рухсатномаси асосида ўз ҳудудига кириш учун алоҳида рухсат (кириш рухсатномаси) олиш талабини жорий этиши мумкин.

Европа Иттифоқи кенгашининг 23 октябрдаги мажлис якунлари бўйича қарорида шундай дейилган: “Бу мажбуриятнинг мақсади — Россиянинг Украинага қарши агрессиясини қўллаб-қувватлаётган, тобора тажовузкорлашиб бораётган разведка фаолияти шароитида аъзо давлатларнинг хабардорлигини таъминлаш”.

ЕИ маълумотларига кўра, дипломатларнинг аккредитация қилинган мамлакатидан ташқарида Шенген ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиши Россия дипломатларига “жосуслик ва Россиянинг Украинага қарши агрессив уруши ҳақидаги дезинформацияни тарқатиш каби махфий фаолиятда иштирок этиш, жамоат фикрини буриш” имконини берган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид