Жаҳон | 08:24
2910
4 дақиқада ўқилади

Зеленский ва Тихановская илк бор икки томонлама учрашув ўтказди

Украина президенти Володимир Зеленский ва Беларус демократик кучлари етакчиси Светлана Тихановская Вилнюсда биринчи расмий учрашувни ўтказди. Украина раҳбари Тихановскаяни Киевга ташриф буюришга таклиф қилди.

Фото: Telegram / tsikhanouskaya

Украина президенти Володимир Зеленский ва Беларус демократик кучлари етакчиси Светлана Тихановская Вилнюсда якшанба, 25 январ куни кечқурун биринчи расмий учрашувни ўтказди. Бу ҳақда Тихановскаянинг Telegram-каналида хабар қилинди.

Беларус сиёсатчиси ва президентликка собиқ номзод Зеленскийга “демократик Беларусни қўллаб-қувватлагани учун” миннатдорчилик билдирди ҳамда айниқса “беларуслик кўнгиллилар, Украинани қўллаб-қувватлагани учун ноқонуний равишда ҳукм қилинганлар”ни алоҳида тилга олди. Тихановская декабр ойида Украина Беларус қамоқхоналаридан озод этилган сиёсий маҳбуслар гуруҳини қабул қилгани учун ҳам миннатдорчилик билдирди.

Сиёсатчилар санкция сиёсати ва “европалик ва америкалик ҳамкорлар билан биргаликда Лукашенко ва режим ёрдамчиларини жавобгарликка тортиш бўйича умумий стратегия”ни муҳокама қилди. Шунингдек, Тихановская Зеленскийга Беларус бўйича махсус вакил тайинлашни таклиф қилди, Украина президенти эса уни Киевга ташриф буюришга таклиф қилди.

Полша ва Литва президентлари Карол Навроцкий ва Гитанас Науседа билан бирга улар Вилнюсдаги Расу қабристонига борди. У ерда 1863–1864 йиллардаги Полша (ёки Январ) қўзғолони иштирокчиларига бағишланган мемориал жойлашган. Қўзғолон ташкилотчилари Россия империяси ҳокимиятига қарши чиққан ва 1772 йил чегараларида Реч Посполитаяни тиклаш тарафдори бўлган.

Зеленский Telegram-каналида шундай деб ёзди: “Украина, Полша, Литва ва Беларус халқларининг Россия империяси ва қулликка қарши қўзғолони. Январ қўзғолонида ҳалок бўлганларнинг хотираси. Халқлари учун озодлик йўлида курашганларнинг барчасига абадий ҳурмат”.

Хотира тадбирида сўзга чиққан Украина президенти Европа учун “эркинлик билан яшаб келаётган ҳеч бир халқни йўқотиб қўймаслик муҳим” эканини айтди.

“Афсуски, ҳозирча Лукашенконинг оқ шпицига Беларус халқидан кўра кўпроқ ҳуқуқ қолдирилган. 2020 йилда буни ўзгартириш учун имконият бор эди, ишонаман, яна бўлади,” — деди Зеленский.

Унинг сўзларига кўра, “Беларус ҳали ҳам Россиянинг генерал-губернаторлиги каби яшашга мажбур.”

Шу билан бирга, Украина президенти 2020 йилдаги норозилик намойишлари пайтида “белоруслар учун қўллаб-қувватлаш жуда етарли эмас эди,” деди. Энди эса, унинг таъкидлашича, мамлакат Россия ҳокимияти томонидан Украинага дронлар билан зарбалар бериш учун, санкция остидаги товарларни харид қилиш учун ва Европани ҳамда бутун дунёни “орешниклар” билан шантаж қилиш учун ишлатиляпти.

“Кўп жиҳатдан XX аср урушлари XIX асрдаги дунёнинг кучлилари бепарволигининг оқибатидир. Россиянинг Украинага қарши уруши ва Россиянинг бошқа урушлари — Молдовага, Чеченистонга, Гуржистонга қарши урушлар — буларнинг барчаси халқларимиз ҳақиқатларига нисбатан бепарволик оқибатидир,” — деб қўшимча қилди Зеленский.

2022 йил июлида, РФ Украинага бостириб кирганидан бир неча ой ўтгач, Тихановская 2020 йилдан бери Украинада бўлмаганини, аммо “Украина томонидан тайёрлик бўлиши билан” у ерга боришини айтган. Сиёсатчи бу позицияни 2022 йил ноябрида “Украинская правда” газетасига берган интервюсида ҳам такрорлаган. Унда у Киевга “бош вазир ёки президентдан расмий таклиф бўлмагунча” бора олмаслигини айтган.

Шундан бери унинг Киевга ташрифи амалга ошмаган. 2022 йил апрелида, ўша пайтда Украина президенти офиси раҳбарининг жамоатчилик асосидаги маслаҳатчиси бўлган Алексей Арестович Полшадаги “Еврорадио” эфирида Зеленский билан Тихановская учрашуви бўлмаётганига сабаб сифатида Беларус раҳбари Александр Лукашенко “шахсан жуда кескин ва асабий реакция қилиши мумкин”лигини айтган. Арестович яна бир сабаб сифатида ўша пайтда сақланиб турган “айрим иқтисодий алоқалар”ни ҳам келтирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид