Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШда қор бўрони 1 миллиондан ортиқ уйни электрсиз қолдирди
АҚШда кучли қор бўрони оқибатида 1 миллиондан ортиқ уй хўжалиги электр таъминотисиз қолди, айрим штатларда эса ўлим ҳолатлари қайд этилди. Бу ҳақда ҳокимиятлар якшанба, 25 январ куни маълум қилди. Камида 20 та штатда фавқулодда ҳолат режими эълон қилинган. Кўплаб давлат муассасалари душанба куни ёпиқ қолди.
Фото: Watchara Phomicinda/dpa/picture alliance
Қаттиқ қор ёғиши, музли ёмғир ва кескин совуқ билан кечаётган бўрон мамлакатнинг жанубидан шимол-шарқига томон ҳаракатланмоқда. У Техасдан тортиб Шимолий Каролинагача бўлган ҳудудларга, шунингдек Шарқий соҳилдаги йирик шаҳарларга — Вашингтон ва Ню-Йоркни ҳам қўшиб зарар етказган.
АҚШ Миллий метеорология хизмати музлаб қолган йўллар ва пиёдалар йўлаклари сабабли ҳаракатда жиддий чекловлар бўлиши ҳақида огоҳлантирди. Унинг прогнозига кўра, қор ёғиши ва музли ёмғир оқибатлари ҳафта ўрталаригача сақланиб қолади.
Ню-Йоркда шаҳар мэри маълумотига кўра, камида беш киши кўчада ўлик ҳолда топилган. Ўлим сабаблари ҳали расман аниқланмаган, бироқ ҳокимият ўта совуқ ҳарорат айниқса уйсизлар учун хавфли эканини таъкидлаган.
Луизиана штатида расмийлар икки эркак, уларнинг маълумотига кўра, совқотиш (гипотермия)дан вафот этганини билдирган.
Шимолий штатларда синоптиклар ҳаво ҳарорати минус 45 даражагача тушиши мумкинлигини, бу яқин кунларда сақланиб, ҳаёт учун хавф туғдиришини огоҳлантирган.
PowerOutage хизмати маълумотларига кўра, 1 миллиондан ортиқ уй хўжалиги, асосан мамлакат жанубида, электрсиз қолган. Теннессида узилишлар 330 мингдан ортиқ уйга, Миссисипида 170 мингдан ортиқ уйга, Луизианада 140 мингдан зиёд уйга, Техасда эса 90 мингдан ортиқ уйга таъсир қилган.
Миллий метеорология хизмати электр таъминотини тиклаш анча вақт олиши мумкинлигини айтган, шунингдек дарахтлар шикастланиши хавфи юқори экани ва йўллардаги шароит ўта хавфлилигини қайд этган.
Авиақатнов ҳам қаттиқ издан чиққан. Вашингтон, Филаделфия ва Ню-Йорк аэропортларида деярли барча рейслар бекор қилинган. FlightAware маълумотига кўра, бутун мамлакат бўйлаб тахминан 15 000 та рейс бекор қилинган.
АҚШ ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм аввалроқ яқинлашаётган циклонни “тарихий” деб атаб, унинг кўлами ҳақида огоҳлантирган.
АҚШ президенти Доналд Трамп фуқароларни эҳтиёт бўлишга ва иссиқда қолишга чақирган. У Truth Social ижтимоий тармоғидаги хабарда шу фурсатдан фойдаланиб, иқлим ўзгариши ва глобал исиш мавжудлиги ҳақида яна шубҳа билдирган.
Бу ҳаво ҳолати қутб гирдоби деформацияси билан боғлиқ: шунинг натижасида Арктика ҳавоси анча жанубга силжиб кетган. Бир қатор олимлар бундай ҳодисаларнинг тез-тез такрорланиши иқлим ўзгариши билан боғлиқ бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.