Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мурманск электр ва иссиқликсиз қолди – фотолар
Бу шимолий қутб яқинидаги энг йирик шаҳар бўлиб, у ердагилар тўрт кундан буён қаҳратон совуқда светсиз қолган. Бунга электр узатиш линиялари таянч устунлари музлаб, қулаб тушгани сабаб бўлган. Расмийлар аҳолидан яна бир ҳафта сабр қилишни сўрамоқда.
Мурманск шаҳри ва Мурманск области, жумладан Североморск шаҳри «Россети» линияларидаги авария туфайли 23 январдан буён қисман электр таъминотидан узилган. Музлаш, қор бўрони ва кучли шамол туфайли электр узатиш линияларининг бешта таянчи қулаб тушган. Электр таъминотидаги узилиш қозонхоналар фаолиятини тўхтатиб қўйган – Мурманск области аҳолиси иссиқликсиз ва иссиқ сувсиз қолган. Област раҳбариятининг сўнгги баҳоларига кўра, регион бўйича 73 мингга яқин киши электр таъминотидан узилган. Расмийлар вақтинча таянчлар ўрнатиш орқали электр таъминотини тиклашга уринмоқда. Регионда фавқулодда ҳолат режими жорий этилган. Губернатор Андрей Чибис авариядан кейин электр таъминотини тўлиқ тиклаш учун камида бир ҳафта кетиши мумкинлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, блэкаутнинг учинчи кунида Мурманск ва Североморскдаги уйларнинг «80 фоиз қисмида электр таъминоти тикланган». Маҳаллий аҳоли вакиллари эса ижтимоий тармоқларда унинг бу маълумоти ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтишмоқда. «Медуза» ушбу ҳудудда нималар бўлаётганини ҳикоя қилди.
Шимолий қутб доирасидан ташқарида жойлашган Мурманск ва Североморск шаҳарлари аҳолиси учинчи кундирки электр ва иссиқлик таъминотида йирик узилишлар ҳақида хабар бермоқда. Бу вақт давомида Мурманскда ҳаво ҳарорати кундузи –10, кечаси –17 даражагача пасайган.
Узилишлар 23 январ куни бошланган, «Россети» («Российские сети») изоҳига кўра, бу регион ҳудудида электр узатиш линияларининг биратўла бешта таянчи қулаб тушгани ортидан содир бўлган. Компания бунинг сабабини об-ҳаво билан изоҳлади: сувли қор, кучли шамол ва электр узатиш линиялари таянчлари музлаши.
Тергов қўмитаси маълум қилишича, қулаган таянчлар 1960-1980 йиллардан бери фойдаланишда бўлган. Шу билан бирга, бундай конструкциялардан фойдаланиш муддати 40 йилни ташкил этади. Шундан сўнг улар ҳар беш йилда бир марта текширувдан ўтказилиши керак. Терговчилар бу текширувлар айнан қандай ўтказилганини аниқламоқда. Ҳолат юзасидан лоқайдлик (РФ ЖК 293-моддаси 1-қисми) моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов версиясига кўра, «Россети»нинг масъул ходимлари электр узатиш линияларини тегишли ҳолатда сақлаш чораларини кўрмаган, шунингдек, фавқулодда узилишларга зудлик билан реакция кўрсатмаган.
Дастлабки суткада регион расмийлари муаммони тўлиқ ҳал қила олмади. 24 январ, шанба куни Мурманскда квартираларда режали ўчиришлар амал қилди, кейинги куни эса регионда фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди. Губернатор Андрей Чибис «Россети» мутахассислари кеча-ю кундуз ишлаётгани, аммо вазият «ноқулай об-ҳаво шароити ва ҳудуднинг ўта мураккаб рельефи туфайли мураккаблашаётгани»ни айтган.
26 январ куни «Россети» қулаган таянчлар ўрнига иккита вақтинчалик ёғоч устун ўрнатилиши ҳақида хабар берди. Таянч қисмлари ўрнатиш жойига вездеходларда олиб борилади, кейин ерда йиғилади ва вертолёт ёрдамида ўрнатилади, дея маълум қилган компания. Электр узатиш линиясининг асосий таянчларини ўрнатиш ва улаш ишларини тўлиқ якунлаш учун бир ҳафта керак бўлади, деди Чибис.
Блэкаут туфайли тадбиркорлар ва ҳокимият вакиллари томонидан зарар кўрган аҳоли пунктларида телефонларни қувватлантириш, қайноқ сув ва овқат иситиш учун пунктлари очилди. Бундай жойларда навбатлар пайдо бўлган. Мурманскда бундай қўллаб-қувватлаш пунктларида озиқ-овқат тўпламлари берилади, аммо улар ҳамма жойда ҳам етарли эмас. Мурманск ва Североморск аҳолиси учун автобусларда юриш бепул қилинган. Таълим муассасаларининг бир қисми ўз фаолиятини тўхтатган ёки масофавий режимга ўтган.
Лев Федосеев / ТАСС / Profimedia
Умуман олганда, авария туфайли биргина Мурманскда мингдан ортиқ уйлар иссиқлик таъминоти тизимларининг музлаши хавфи остида қолди, деди губернатор. Унинг сўзларига кўра, 26 январга келиб барча турар жой бинолари ва ижтимоий объектлар иссиқлик ва сув билан таъминланган, Мурманск ва Североморскдаги уйларнинг 80 фоизида барқарор электр таъминоти мавжуд.
Лев Федосеев / ТАСС / Profimedia
Губернаторнинг телеграм-каналдаги пости остида изоҳ ёзаётган маҳаллий аҳоли вакиллари эса унинг сўзларига қўшилмаган. Айримлар Североморскнинг «ярим аҳолиси светсиз ўтиргани»ни қайд этган. Шу кунларда маҳаллий расмийлар 25 январ куни кечқурунги ҳолатга кўра шаҳардаги 117 та кўп қаватли уй аҳолиси светсиз қолаётганини маълум қилганди.
51.ru нашри ўқувчиларидан бири шундай деган: «Овқатни газ горелкасида тайёрлаяпмиз. Кимдадир ҳалигача сув ва иссиқлик йўқ, кимдадир нимадир тикланган, лекин ҳаммаси ўчиб турибди. Электр узатиш бўйича аниқ график йўқ. Гўёки шундай график борлиги ҳақида гапиришади, лекин уни ҳеч ким кўрмаган». Унинг сўзларига кўра, мунтазам ўчишлар ва совуқ туфайли у чақалоғи билан қариндошлариникига ёки меҳмонхонага бориб тунашига тўғри келмоқда.
Лев Федосеев / ТАСС / ZUMA Press / Scanpix / LETA
Электр ўчгани ҳақидаги хабарлар фонида регионда мобил интернет ва Telegram мессенжери ишламай қолгани ҳақидаги хабарлар (1,2,3) пайдо бўлган. Аммо бу айнан нима билан боғлиқлиги – свет ўчиши ёки расмийларнинг ҳаракатлари билан – буниси аниқ эмас.
Лев Федосеев / ТАСС / Profimedia
Лев Федосеев / ТАСС / Profimedia
Губернатор ўринбосари Олга Вовк регионда 73 минг атрофидаги киши светсиз қолаётганини тасдиқлаган. «Аммо улар доимий равишда светсиз ўтиргани йўқ, биз вақти-вақти билан ёқиб турибмиз. Узоқ вақт давомида электр таъминотисиз қолган уйлар йўқ», – деган у.
Мурманск областидаги барча муҳим объектлар, жумладан, стратегик корхоналар электр билан таъминлангани айтилган. Олдинроқ электр ўчиши Россия Шимолий флотининг асосий ҳарбий-денгиз базасига ҳам таъсир қилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Кемалар автоном энергия таъминоти режимига ўтказилган.
ТАСС / ZUMA Press / Scanpix / LETA
Федерал телеканаллар эса Мурманск областидаги вазиятни деярли ёритмаяпти. Хусусан, дам олиш кунлари ва душанба куни эрталаб регионда содир бўлаётган воқеалар ҳақидаги тўлиқ сюжетни фақат «Россия 1» телеканали ва фақат бир марта – 24 январ куни эрталаб кўрсатди. Ушбу репортажга икки дақиқадан камроқ ажратилган.
Мавзуга оид
10:18 / 31.03.2025
Мурманскда номаълум шахс кўп қаватли уйнинг томидан ўт очди
10:22 / 19.12.2024
Мурманск областида икки поезд тўқнашиб кетди
11:28 / 22.08.2024
Украина Мурманск вилоятига дронлар билан ҳужум қилди
10:11 / 06.04.2024