Жаҳон | 10:11 / 06.04.2024
3432
3 дақиқада ўқилади

Россияда губернаторга ҳужум қилган шахсга нисбатан жиноий иш очилди

Мурманск вилояти губернатори Андрей Чибис пичоқ билан қилинган ҳужумдан сўнг касалхонага ётқизилган ва операция қилинган. Ҳужум қилган шахсга нисбатан қотилликка уриниш бўйича жиноий иш очилган.

Фото: РИА Новости

Мурманск вилоятининг Апатити шаҳрида эркак киши пичоқ билан вилоят губернатори Андрей Чибисга ҳужум қилди. «Мурманский вестник» нашри 4 апрел, пайшанба куни хабар беришича, жиноятчи маҳаллий аҳоли билан учрашувдан сўнг маданият марказидан чиқиб кетаётган амалдорга яқинлашиб, унинг қорнига пичоқ урган.

Чибис касалхонага ётқизилган. ОАВ маълумотларига кўра, у машинага ўзи пиёда бора олган. Губернатор операция қилинди, унинг аҳволи оғир, аммо барқарор деб баҳоланмоқда, деди ТАСС агентлигига вилоят соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Дмитрий Паничев.

Ҳужум қилган шахс қўлга олинди. Маҳаллий Telegram-каналлари ва ОАВ ёзишича, у Апатити шаҳрида яшовчи 42 ёшли Александр Биданов бўлиб чиқди. Ҳибсга олиш пайтида у оёғидан яраланган. 

Одам ўлдиришга уриниш бўйича жиноий иш очилди

Сўроқ пайтида қўлга олинган шахс ҳужумни губернаторга нисбатан шахсий адоват билан изоҳлаган, деб хабар қилди РФ Тергов қўмитаси 5 апрел, жума куни Чибис ва ҳужумчи бир-бирини танимаслигини таъкидлаб. Терговчилар бу шахс аввалроқ баданга енгил шикаст етказгани учун жиноий жавобгарликка тортилганини аниқлади.

Мурманск вилояти прокуратураси баёнотида айтилишича, Чибисга қилинган ҳужумдан сўнг, расмий фаолият билан боғлиқ ҳолда қотилликка уриниш бўйича жиноий иш очилган. Бу жиноят учун энг оғир жазо 20 йилгача озодликдан маҳрум қилишдир. Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин тергов жараёнини департамент марказий аппарати назоратига топширди. 

Чибис минтақадаги «реновация» учун танқид қилинган

Андрей Чибис «Ягона Россия» партияси аъзоси, 2019 йил сентябридан Мурманск вилояти губернатори лавозимида ишлаб келяпти. Тегишли сайловларга қадар Россия президенти Владимир Путин Чибисни вилоят губернатори вазифасини бажарувчи этиб тайинлаган. 

Чибисдан олдин бу лавозимда Марина Ковтун бўлган, аммо 2019 йил март ойида у Путиндан истеъфога чиқишни сўради, бу РФ бир қатор минтақалари раҳбарларининг бошқа шунга ўхшаш илтимослари билан бирга содир бўлди - Россия оммавий ахборот воситалари бундай тенденцияни «губернаторлар қулаши» деб атади.

Чибис бошқаруви даврида Мурманск вилоятида «реновация» деб аталган жараён бошланди, бу минтақадаги портлар ва ёпиқ ҳарбий шаҳарчаларга ҳам таъсир кўрсатди. 2023 йилда Россия ҳукумати Мурманск вилоятида ушбу тадбирларни ўтказиш тезлиги етарли эмаслигини қайд этди, деб ёзган РБК аввалроқ. Шу билан бирга, Чибис тегишли йиғилишда ушбу чора-тадбирлар учун камида 283,5 миллиард рубл керак бўлишини маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид