Мурманск шаҳри ва Мурманск области, жумладан Североморск шаҳри «Россети» линияларидаги авария туфайли 23 январдан буён қисман электр таъминотидан узилган. Музлаш, қор бўрони ва кучли шамол туфайли электр узатиш линияларининг бешта таянчи қулаб тушган. Электр таъминотидаги узилиш қозонхоналар фаолиятини тўхтатиб қўйган – Мурманск области аҳолиси иссиқликсиз ва иссиқ сувсиз қолган. Област раҳбариятининг сўнгги баҳоларига кўра, регион бўйича 73 мингга яқин киши электр таъминотидан узилган. Расмийлар вақтинча таянчлар ўрнатиш орқали электр таъминотини тиклашга уринмоқда. Регионда фавқулодда ҳолат режими жорий этилган. Губернатор Андрей Чибис авариядан кейин электр таъминотини тўлиқ тиклаш учун камида бир ҳафта кетиши мумкинлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, блэкаутнинг учинчи кунида Мурманск ва Североморскдаги уйларнинг «80 фоиз қисмида электр таъминоти тикланган». Маҳаллий аҳоли вакиллари эса ижтимоий тармоқларда унинг бу маълумоти ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтишмоқда. «Медуза» ушбу ҳудудда нималар бўлаётганини ҳикоя қилди.
Шимолий қутб доирасидан ташқарида жойлашган Мурманск ва Североморск шаҳарлари аҳолиси учинчи кундирки электр ва иссиқлик таъминотида йирик узилишлар ҳақида хабар бермоқда. Бу вақт давомида Мурманскда ҳаво ҳарорати кундузи –10, кечаси –17 даражагача пасайган.
Узилишлар 23 январ куни бошланган, «Россети» («Российские сети») изоҳига кўра, бу регион ҳудудида электр узатиш линияларининг биратўла бешта таянчи қулаб тушгани ортидан содир бўлган. Компания бунинг сабабини об-ҳаво билан изоҳлади: сувли қор, кучли шамол ва электр узатиш линиялари таянчлари музлаши.
Тергов қўмитаси маълум қилишича, қулаган таянчлар 1960-1980 йиллардан бери фойдаланишда бўлган. Шу билан бирга, бундай конструкциялардан фойдаланиш муддати 40 йилни ташкил этади. Шундан сўнг улар ҳар беш йилда бир марта текширувдан ўтказилиши керак. Терговчилар бу текширувлар айнан қандай ўтказилганини аниқламоқда. Ҳолат юзасидан лоқайдлик (РФ ЖК 293-моддаси 1-қисми) моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов версиясига кўра, «Россети»нинг масъул ходимлари электр узатиш линияларини тегишли ҳолатда сақлаш чораларини кўрмаган, шунингдек, фавқулодда узилишларга зудлик билан реакция кўрсатмаган.

Дастлабки суткада регион расмийлари муаммони тўлиқ ҳал қила олмади. 24 январ, шанба куни Мурманскда квартираларда режали ўчиришлар амал қилди, кейинги куни эса регионда фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди. Губернатор Андрей Чибис «Россети» мутахассислари кеча-ю кундуз ишлаётгани, аммо вазият «ноқулай об-ҳаво шароити ва ҳудуднинг ўта мураккаб рельефи туфайли мураккаблашаётгани»ни айтган.





















