Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Росатом» Ўзбекистондаги АЭС ўрнида «атом кластери»ни ташкил этишни таклиф қилди
«Росатом» раҳбари Алексей Лихачёв сўзларига кўра, лойиҳа «нафақат атом энергетикасини, балки атом тиббиётини, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш манфаатлари йўлида радиологик ваколатларни ҳам» ўз ичига олади.
Алексей Лихачёв
Россиянинг «Росатом» корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда мамлакатларнинг атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Россия давлат корпорацияси Ўзбекистондаги кичик қувватли атом электр станцияси майдонида «шунчаки атом шаҳри» эмас, балки «атом кластери»ни яратишни таклиф қилди. Бу ҳақда Лихачёв «Россия 24» телеканали эфирида сўзлади.
«Атом кластери»ни яратишда «Курчатов институти» илмий-тадқиқот маркази иштирок этади. Лойиҳа «нафақат атом энергетикасини, балки атом тиббиётини, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш манфаатлари йўлида радиологик ваколатларни ҳам» ўз ичига олади, деди «Росатом» раҳбари. Унинг сўзларига кўра, АЭС лойиҳасида учинчи давлатлар иштирок этишга тайёр, аммо Лихачёв қайси давлатлар эканини аниқ айтмади.
«Росатом» раҳбари 2025 йил октябр ойида кичик қувватли биринчи энергия блоки учун чуқур қазиш ишлари бошланганини, кейинги муҳим босқич 2026 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилиши керак бўлган бетон ишларини бошлаш эканини айтди.
«Бу йилги асосий вазифа - ядровий оролдаги биноларнинг пойдевор плитаси асосига бетон қуйишга ўтиш. Муддатларга риоя қилиш муҳимлигини инобатга олган ҳолда, биз шу йилнинг баҳорида бетон тайёрлаш ишларини бошлашга ҳаракат қилмоқдамиз», деди Лихачёв.
«Росатом» иштирокида кичик қувватли атом электр станциясини қуриш бўйича шартнома 2024 йил май ойида Тошкентда имзоланган эди. 330 МВт қувватга эга станция 6 та реакторга эга бўлади. «Росатом» бош пудратчи ҳисобланади.
Ўзбекистондаги АЭС лойиҳаси қуввати 1000 МВт бўлган иккита катта энергоблок ва 55 МВт бўлган иккита кичик энергоблок қурилишини назарда тутади. Таъкидланишича, «Росатом» учун бу кичик атом электр станцияларини қуриш бўйича биринчи хорижий тажриба бўлади.
Мавзуга оид
21:02 / 27.01.2026
Ўзбекистонда АЭС қурилиши старти 2026 йил охирига қолдирилади
20:22 / 27.01.2026
Шавкат Мирзиёев «Росатом» раҳбари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
19:44 / 27.01.2026
Европа Иттифоқи Россиядан газ импортини тўлиқ тақиқлашга қарор қилди
17:50 / 27.01.2026