Жаҳон | 13:11
2972
2 дақиқада ўқилади

Аушвицда омон қолган маҳбус: жамиятда нафрат яна кучаймоқда

Полшадаги Аушвиц–Биркенау мемориал мажмуаси ҳудудида нацистлар концлагери маҳбуслари озод этилганининг 81 йиллиги муносабати билан тадбирлар ўтказилди. У ерда 1 миллиондан ортиқ инсон ҳалок бўлган. Музейга Полша президенти Кароль Навроцкий ташриф буюрди.

Фото: Aureliusz M. Pędziwol/DW

Аушвиц–Биркенау (Освенцим) концлагеридан тирик чиққан маҳбус Бернард Оффен замонавий жамиятда нафрат қайта жонланаётганини айтади. У бу ҳақда сешанба, 27 январ куни лагер совет қўшинлари томонидан озод этилганининг 81 йиллиги муносабати билан ўтказилган хотира маросимида билдирди.

“Мен қайта жонланаётган нафратни кўряпман. Мен яна оқланадиган зўравонликни кўряпман. Ва мен ўз ғазаби бошқа инсон ҳаётидан муҳимроқ, деб ҳисоблайдиган одамларни кўряпман”, — дея 96 ёшли Оффеннинг сўзларини dpa агентлиги келтиради.

Бу йил Полшадаги мемориал мажмуа халқаро Холокост қурбонларини хотирлаш кунида сиёсатчилар ва дипломатлар чиқишларидан атайлаб воз кечди — барча эътибор собиқ маҳбуслар фикрларига қаратилди, деди Аушвиц–Биркенау музейи директори Пётр Цивинский. Унинг таъкидлашича, омон қолганларнинг иштироки айниқса муҳим, чунки уларнинг кўпчилиги жуда кексайиб қолган.

Хотира тадбирларида Полша президенти Карол Навроцкий ҳам иштирок этди. У бундан аввал лагерга илк бор поляк маҳбуслари олиб келинганига бағишланган хотира лавҳаси олдига гулчамбар қўйди. Анъанага кўра, 11-блок ёнидаги “Ўлим девори” олдида ҳам шамлар ёқилди.

Аушвиц I, Аушвиц II (Биркенау) ва Аушвиц III концлагерлар мажмуаси 1940 йил май ойида нацистлар Германияси Полшага ҳужум қилган даврда ташкил этилган. “Ўлим лагери”да 1 миллиондан ортиқ инсон, асосан яҳудийлар, ҳалок бўлган. Лагер 1945 йил 27 январ куни 1-Украина фронти қисмлари томонидан озод қилинган. 1947 йилда Полша парламенти қарори билан собиқ нацистлар концлагери ҳудудида Аушвиц–Биркенау музейи ташкил этилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид