Ўзбекистон | 15:39
6137
5 дақиқада ўқилади

Гулистон туризм қишлоғида осма кўприклар бузиляпти: нега?

Наманган вилояти Поп тумани Гулистон қишлоғида тадбиркорлар барпо қурган осма кўприклар ва экстремал аттракционлар бузиб ташланмоқда. Расмийларга кўра, бу иншоотлар тегишли ҳужжатларсиз қурилган. Ваҳоланки, лойиҳа маҳаллий масъулларнинг ўз қўллови билан қилинган ва шунча йил фаолият юритиб келган эди.

Kun.uz'га мурожаат қилган тадбиркорларнинг айтишича, масъул идора ва ташкилот вакиллари аттракционлар сабаб иш ўрни яратилгани, туристлар оқими ортгани, экстремал туризм ривожлангани тўғрисида ОАВда кўп марта чиқишлар қилган.

Ҳокимлик ва бошқа ташкилотлар кўнгилочар иншоотларнинг қурилиши учун бош-қош бўлган.

Салкам 100 млрд сўмлик лойиҳа

“Бир неча йил аввал Гулистон қишлоғида туризмни ривожлантириш мақсадида тадбиркорларга тоғ тепасида осма кўприклар, зиплайнлар, умуман олганда кўнгилочар масканлар қуриш таклиф қилинган. Бунга асосан Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги томонидан биз тадбиркорлар 674-сонли ижарага шартномаси расмийлаштириб, қурилиш ишларини бошлаганмиз. Қишлоқнинг ишсиз одамларини иш билан таъминладик. Эндиликда эса уларни бузишга тушишди. Қураётганимизда қаерда эди улар?! Бузишларини аввалдан билганимизда қурмас эдик.

Суд ёки ваколатли органларнинг қарорисиз бузиш ишлари амалга ошириляпти. Кўнгилочар иншоотлар 2017 йилдан 2025 йилгача қурилган ва айни пайтда ҳам айрим жойда қурилиш ишлари давом этаётган эди. Ҳудудда салкам 100 млрд сўмга яқин қурилишлар амалга оширилган, 500 дан ортиқ иш ўринлари яратилган, ЯТТлар рўйхатдан ўтказилган, солиқлар вақтида тўланган. Бироқ меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлари мавжуд эмас деган сабаб билан бузиляпти. Зарар миқдори жуда катта.

Ҳеч бир ташкилот қурилмаларни қонунийлаштириш йўлидан юрмаяпти. Аттракционлар қурилаётганда барча масъул идора ва ташкилотлар доимий равишда хабар олган. Тегишли ташкилотлар қурилишлар сабаб иш ўрни яратилаётгани, туристлар оқими ортгани, бошқа экстремал туризм ривожлангани тўғрисида оммавий ахборот воситаларида, телевидениеларда жуда кўп маротаба чиқишлар қилишган”, – дейди мурожаатчи.

Рухсат олинмаган”

Поп тумани ҳокимининг ўринбосари Ўктамжон Йўлдошовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, бузиш ишлари аттракционларнинг тегишли хужжати йўқлиги ва хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги билан боғлиқ.

“Гулистон қишлоғининг ўзида, сой бўйларида одамларнинг яшаш уйлари бор. Яшаш уйларидан ташқари рухсат берилмаган жойларга капитал қурилишлар қилинган. Белгиланган тартибда тегишли ташкилотлардан рухсат олинмаган.

Бузилаётган аттракционлар учун компенсация берилмайди. Чунки ерни ижарага олиш бўйича ўрмон хўжалиги билан қилинган шартномада капитал қурилишга рухсат берилмаган. Шартномада ёғочдан ёки енгил конструкциядан махсус меҳмон уйлари, кемпинглар ташкил қилиш, кўчат экиб, ҳудудни ободонлаштириб, экотуризмни ташкил қилиш назарда тутилган.

Аттракционларнинг кўпи қўлбола усулда ясалган. Хавфсизлик кафолатига эга замонавий йиғма контрукциялар эмас. Биринчи ўринда инсон ҳаёти хавфсизлиги туради.

Гулистон қишлоғига фавқулодда вазиятлар вазири Ботир Қудратхўжаев келиб, бу масалада йиғилиш ўтказилди. Иншоотлар шу кунларда тадбиркорлар томонидан бузиб йиғиштириб олиняпти”, дейди Поп тумани ҳокимининг ўринбосари Ўктамжон Йўлдошов.

Масъуллар оппоқми?

Поп тумани ҳокимлиги Telegam-каналига 2025 йил июн ойида жойланган постда Чодак ва унга қўшни масканлардаги (Гулистон ҳам Чодакка туташ қишлоқ) туристик объектларда хавфсизликни таъминлаш чоралари кўрилаётгани айтилган.

Кўнгилочар масканлардаги осма кўприклар, шаршаралар атрофи, аттракционлар фойдаланиш учун техник паспорт ва хавфсизлик бўйича сертификатларга эга бўлиши талаб қилинади ва бу масала доимий равишда текшириб борилади”, – дейилган ҳокимлик ахборотида.

Юзага келган вазиятда туристик объектлар тегишли ҳужжатларсиз ташкил этилишига бош-қош бўлган давлат хизматчиларининг масъулияти масаласи кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ.

Чунки, модомики демонтаж талаблари хавфсизлик билан боғлиқ экан, у ҳолда тегишли расмийлар ҳам бу аттракционларнинг пайдо бўлиши ва шунча йил ишлаб келишига йўл қўйиб, аҳоли ва сайёҳлар ҳаётини хавф остига қўйгани маълум бўлади

Сарвар Зияев
Муаллиф Сарвар Зияев

Мавзуга оид