Ўзбекистон | 16:35 / 28.01.2026
9139
2 дақиқада ўқилади

Ички ишлар вазирига 4 нафар янги ўринбосар тайинланди

ИИВ раҳбарига янги ўринбосарлар тайинланди: Ботир Қудратхўжаев Тезкор қидирув департаменти, Рустам Жўраев Жамоат хавфсизлиги департаменти, Диёрбек Сатторов Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар департаменти бошлиғи, Рустам Мирзаев комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосар бўлди.

Президентининг тегишли қарорлари билан ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовга янги ўринбосарлар тайинланди.

Ботир Баҳромович Қудратхўжаев ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Тезкор қидирув департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди. У 2025 йилнинг февралидан буён фавқулодда вазиятлар вазири эди.

Ботир Қудратхўжаев

Қудратхўжаев янги лавозимда бугун истеъфога чиқарилган Аюбхон Раҳматуллаев ўрнини эгаллади.

Рустам Мирзаевич Жўраев ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди. У 2020 йилнинг мартидан буён Миллий гвардия қўмондони эди.

Рустам Жўраев

Унинг янги лавозими 2025 йил декабрида Бекмурод Абдуллаев ишдан олинганидан буён (кейинроқ унга нисбатан жиноий иш очилган ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган) бўш турганди.

Диёрбек Нематжонович Сатторов ички ишлар вазирининг ўринбосари – Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди. У ҳозиргача Президент администрацияси Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги бўйича департаменти шўба мудири лавозимида эди.

Диёрбек Сатторов

У янги лавозимда бугун истеъфога чиқарилган Даврон Назармуҳамедовнинг ўрнини эгаллади.

Шунингдек, Рустам Равшанович Мирзаев ички ишлар вазирининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. У бунга қадар Президент администрацияси Коммуникациялар департаменти бошлиғи ўринбосари эди.

Рустам Мирзаев

Шу тариқа, вазир ўринбосарлари сони саккиз нафарга етди: ҳозирда юқоридаги тайинловлардан ташқари Рамазон Ашропов, Зуфар Қурбонов, Саидкарим Нишонбоев ва Баҳодир Мирзараҳимов вазир ўринбосари лавозимларини сақлаб қолмоқда

 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид