Жаҳон | 14:54
1995
2 дақиқада ўқилади

Орпо: Россия урушни тўхтатса, Финландия мулоқотга тайёр

Финландия бош вазири Петтери Орпо Москва билан мулоқотни қайта тиклашга тайёр эканини, бироқ бу фақат Россия Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларни тўхтатса бўлиши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Россия Финландиянинг қўшниси бўлгани учун алоқаларни бир куни барибир тиклашга тўғри келади, аммо ҳозир эмас.

Фото: Iltalehti / Henri Kärkkäinen

Финландия бош вазири Петтери Орпо Россия Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларни тўхтатса, Москва билан мулоқотни қайта бошлашга тайёрлигини билдирди. Ҳозирча бунинг иложи йўқ, аммо бундай ҳолат абадий давом этмайди, деди у душанба, 26 январ куни кечқурун Iltalehti нашрига берган интервюсида.

“Россия — биз билан чегарадош қўшни. Албатта, агар ушбу ҳарбий тажовузни тўхтатишга муваффақ бўлинса, маълум бир босқичда алоқа каналларини очиш керак бўлади, лекин ҳозир ундай пайт эмас”, — деди Финландия бош вазири.

Орпонинг айтишича, зарурат туғилса, у Россия президенти Владимир Путин билан ҳам бир стол атрофида ўтириши мумкин.

Орпо таъкидлашича, Украинада тинчликка эришиш масаласидаги олға силжиш айнан Путинга боғлиқ. “Финландия учун аниқ: уруш давом этаётган бир пайтда Россия билан мулоқотни қайта тиклаш ниҳоятда қийин”, — деди у. Шу билан бирга, Орпо мулоқотни қачон ва қай тарзда қайта бошлаш масаласи Европадаги ҳамкорлар билан биргаликда ҳал қилиниши лозимлигини билдирди.

Сиёсатчи ушбу интервюни Хитойга сафари арафасида берган. У ХХР раҳбарияти билан учрашувларда Украинада тинчликка эришиш масаласини кўтаришини айтди, чунки Россиянинг Украинага қарши уруши “хавфсизлик соҳасидаги энг катта муаммо”дир.

“Агар кимдир Россияга таъсир кўрсата олса, у — Хитой. Хитойнинг урушда Россияни қўллаб-қувватлаётгани Европанинг хавфсизлигига, шунингдек Финландия хавфсизлиги ва муносабатларимизга зарар етказмоқда”, — деди Орпо.

Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан бери Финландия ҳукумати Россия билан чегарада хавфсизлик чораларини кучайтириб келмоқда. Шунингдек, Финландия НАТОга аъзо бўлди ва бошқа қадамларни ҳам ташлади — жумладан, Россия фуқароларига ўз ҳудудида кўчмас мулк сотиб олишни тақиқлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид