Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Россия дастлабки талабларидан босқичма-босқич чекиняпти” – таҳлилчилар
АҚШ воситачилигида ўтаётган музокараларда асосий масала Донбасс бўлиб қолмоқда. Томонлар жараён ижобий кечаётганини билдирса-да, тафсилотлар сир сақланяпти. Таҳлилчилар фикрича, Россия дастлабки талабларидан босқичма-босқич чекиняпти. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Абу-Дабидаги музокаралар хусусида сўз юритди.
— Украина бермаслигини айтаётган, Россия талаб қилаётган Донбасс масаласи БААдаги музокаралардан қандай ўрин олган?
Камолиддин Раббимов: Музокаралар мутлақо ёпиқ ҳолатда ўтказиляпти ва тафсилотлари ҳозирча очиқланмаяпти. Ҳатто Украина томони ҳам жараён жуда ижобий кечаётгани ва маълум муваффақиятларга эришилганини таъкидлаяпти, бироқ бу муваффақиятлар нимадан иборат экани аниқ изоҳланмаяпти. Бу ҳолат музокараларнинг ёпиқ форматда олиб борилаётганидан далолат беради.
Иккинчи муҳим жиҳат шундаки, анча вақтдан бери илк бор АҚШ воситачилигида, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари иштирокида шундай форматдаги музокаралар қайта тикланди. Ўз-ўзидан бу жараён муайян даражада прогресс сифатида баҳоланиши мумкин.
Энди Украина томонининг асосий хавотирларига тўхталсак. Масалан, Донбасс масаласи бўйича келишувга эришилган тақдирда ҳам, Россия Конституциясига киритиб қўйилган бошқа ҳудудлар масаласи очиқ қолмоқда. Уларнинг мақомини ўзгартириш учун Россия Конституциясига тузатиш киритиладими, деган савол мавжуд. Агар Конституция ўзгартирилмаса, бундай келишув амалда имконсиз бўлади, чунки Путин бундай қадамга бориши эҳтимолдан йироқ. Шу сабабли Украинада Россия, аниқроғи Путин маълум вақтдан сўнг ушбу ҳудудларни қайта қўшиб олиш учун яна уруш бошлаши мумкин, деган хавотир кучли.
Шу фонда АҚШнинг позицияси ҳам баҳсли. Қўшма Штатлар асосан Украинага босим ўтказаётгандек таассурот уйғотади, Россияга нисбатан эса бундай босим деярли сезилмайди. Масалан, бир ҳафта аввал Доналд Трамп музокаралардаги асосий тўсиқ Россия эмас, балки Украина эканини айтганди. Шунга қарамай, Украина томони бугунги музокаралар ижобий кечаётгани ва муайян натижалар борлигини яна бир бор таъкидламоқда.
Абу-Дабидаги музокараларда Россиянинг иштироки нисбатан паст даражада. Украина томонидан музокараларда Умеров, Хавфсизлик кенгаши ва президент офиси вакиллари қатнашмоқда. Россия томони эса мақоми пастроқ шахслар билан чекланмоқда. Улар орасида ФСБ ёки ташқи разведка вакиллари борлиги айтилмоқда. Бироқ уларнинг сиёсий вазни Украина делегациясидаги шахслар даражасига тенг эмас, яъни Россия вакиллиги ҳозирча анча паст мавқедаги амалдорлардан иборат.
Шуҳрат Расул: Тафсилотли таҳлил шуни кўрсатадики, бу ерда ён бераётган томон – Россия. Москванинг дастлаб Истанбулда илгари сурган талабларидан деярли ҳеч нарса қолмади. Кейинги босқичда қўйилган шартлар ҳам бугунги кунда ўз долзарблигини йўқотган. Масалан, Россия Конституциясига киритилган тўртта ҳудудни, жумладан, ҳали тўлиқ эгалланмаган ерларни ҳам мажбуран қўшиб олиш талаби энди амалий кун тартибида эмас. Худди шунингдек, демилитаризация талаби ҳам бугун актуал эмас. Украина армиясининг қуролсизланиши ёки кичрайтирилиши масаласи мутлақо реал кўринмайди. Аксинча, уруш бошланган даврга нисбатан Украина бугун анча кўп ва замонавий қурол-яроғга эга. Масалан, яқинда Австралия Украинага 49 дона “Абрамс” танкини топширди ва улар ҳозир Донбассдаги жангларда иштирок этмоқда.
Бундан ташқари, НАТО стандартларига мос “Богдан” номли мобил артиллерия тизими Украинада ишлаб чиқарилмоқда. Маълумотларга кўра, ойига 200 та комплект ишлаб чиқарилмоқда. Эътиборлиси шундаки, Украина уруш шароитида нафақат қуролланишни давом эттиряпти, балки айрим йўналишларда қурол экспорти билан ҳам параллел шуғулланмоқда.
Шу нуқтайи назардан қараганда, демилитаризация, денацификация, православ черкови масаласи, рус тилига иккинчи давлат тили мақомини бериш каби талабларнинг барчасидан Россия босқичма-босқич воз кечиб келмоқда.
Музокаралардаги ҳозирги динамика шуни кўрсатадики, ҳақиқий келишувга эришиш учун Россия келажакда ҳатто ўзи эгаллаб олмаган ҳудудлар бўйича ҳам даъволаридан воз кечишга мажбур бўлиши мумкин. Бошқа реал вариант деярли йўқ. Ўтган йили “Путин ҳеч қачон ҳеч нарсадан воз кечмайди” деган фикрлар кенг тарқалган эди. Бироқ бугунги вазият бу қарашларнинг энди актуал эмаслигини кўрсатмоқда. Россия ҳар сафар оз-оздан, лекин изчил равишда позицияларини юмшатиб боряпти.
Яқинда Кит Келлогг Давосда чиқиш қилди. У АҚШнинг генерал-лейтенант унвонига эга, ҳарбий вазиятни чуқур тушунадиган тажрибали мутахассис. Унинг баҳосига кўра, Украинага энг муҳим вазифа қишни ва кейинги тахминан 40 кунлик оғир даврни сиёсий барқарорликни сақлаган ҳолда босиб ўтишдир. Бу ерда гап ҳарбий салоҳият ҳақида эмас, балки ички ижтимоий-сиёсий барқарорлик ҳақида бормоқда. Яъни совуқ, энергетик инқироз ва норозиликлар фонида аҳолининг кўчаларга чиқиб, ҳокимиятни беқарорлаштириб юбормаслиги муҳим. Агар Украина ушбу даврдан муваффақиятли ўта олса, Кит Келлоггнинг прогнозига кўра, август ойига бориб Россия армиясининг имкониятлари кескин заифлашади.
Унинг ҳисоб-китобларига кўра, агар Россия янги кенг кўламли мобилизация эълон қилмаса, жанговар салоҳиятга эга армия сақланиб қолмайди. Натижада уруш давом этадиган бўлса, августга келиб ташаббус тўлиқ Украина томонига ўтади.
Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
23:00 / 28.01.2026
Қрим кўпригидаги портлаш иши бўйича умрбод қамалганлар Трамп, Путин ва Зеленскийга мурожаат қилди
15:12 / 28.01.2026
🔴 LIVE: “Геосиёсат”: Экспертларга савол беринг
14:54 / 28.01.2026
Орпо: Россия урушни тўхтатса, Финландия мулоқотга тайёр
14:42 / 28.01.2026