Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия гази импортига тақиқ: Словакия ва Венгрия даъво аризаси киритади
Словакия Европа Иттифоқининг 2027 йил 1 ноябргача Россиядан газ импорт қилишдан тўлиқ воз кечиш ҳақидаги қарорига қарши судга даъво киритиш масаласида Венгрия билан ҳаракатларини мувофиқлаштиришини билдирди. Икки давлат ҳам бу қарорни амалда санкциявий чора деб ҳисобламоқда.
Словакия ва Венгрия Европа Иттифоқининг 2027 йил 1 ноябргача Россиядан газ импорт қилишдан тўлиқ воз кечиш тўғрисидаги қарорини суд тартибида баҳсга олишини маълум қилди. Словакия ҳукумати раҳбари Роберт Фицо бу ниятни сешанба, 27 январ куни тасдиқлади. Унинг айтишича, Братислава бу масалада ўз ҳаракатларини Будапешт билан мувофиқлаштиради. Венгрия бош вазири Виктор Орбан эса ҳуқуқий чоралар кўрилишини 26 январ куниёқ эълон қилган.
Венгрия ҳукумати импортни тақиқлаш, моҳиятан, санкция эканини таъкидламоқда: бундай чорани жорий қилиш учун ЕИ аъзоси бўлган барча давлатларнинг якдил қарори талаб этилади. Орбан Facebook’да ёзишича, бу тақиқ энергия ресурслари нархининг ошишига олиб келиши мумкин ва “бу масалада муроса бўлиши мумкин эмас”.
Еврокомиссия (ЕК) маълумотларига кўра, 2025 йилда Европа Иттифоқи импорт қилган газнинг тахминан 19 фоизи Россия қувур гази ва суюлтирилган табиий газ (СТГ) ҳиссасига тўғри келган, деб эслатди AFP агентлиги. ЕК маълум қилишича, ЕИ ҳар ой Россиядан газ ва кичик ҳажмларда нефтни жами 1,5 миллиард евролик суммада импорт қилади.
Газ етказиб беришни тақиқлаш ҳақидаги қарор 26 январ куни кўпчилик овоз билан қабул қилинган. Reuters агентлиги аниқлаштиришича, Россия энергия ресурсларига қарамликни қайд этиб келадиган ва Москва билан яқин муносабатларни сақлаб турган Будапешт ва Братислава қарши овоз берган. Венгрия ҳукумати қарор устидан Люксембургда жойлашган Европа Иттифоқи судига (Европа суди) шикоят қилишини билдирган.
СТГ импорти 2026 йил охиригача, қувур орқали етказиб бериш эса 2027 йил 30 сентябргача тўхтатилиши керак. Бироқ агар ЕИ давлатлари газ омборларини тўлдиришда қийинчиликка дуч келса, муддатни 2027 йил 1 ноябргача узайтириш мумкин. Шунингдек, Россия билан янги газ шартномаларини тузиш ҳам тақиқланади. Бу тақиқ янги қонун кучга кирганидан олти ҳафта ўтгач амал қила бошлайди.
Германия учун бу қарор “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим–2” қувурларидан эҳтимолий фойдаланишга якуний равишда барҳам беришни англатади.
Мавзуга оид
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
18:11 / 12.06.2026
Uzbekistan Airways ёнилғи танқислиги туфайли Ўзбекистондан Россияга айрим парвозларни қисқартиради
17:21 / 12.06.2026
Россия–Украина урушида фронт чизиғи: ташаббус ким томонда?
09:35 / 12.06.2026