Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленский Украина 2027 йилгача ЕИга аъзо бўлишини талаб қилмоқда
Украина президенти Володимир Зеленский айрим Европа давлатлари қаршилигига қарамай, мамлакатининг 2027 йилгача Европа Иттифоқи (ЕИ)га аъзо бўлишини талаб қилишда давом этмоқда. У сешанба, 27 январ куни Австрия федерал канцлери Кристиан Штоккер билан телефон орқали суҳбатдан кейин шундай деди.
Фото: Telegram / V_Zelenskiy_official
“Европа Иттифоқига аъзолик — нафақат биз, балки бутун Европа учун ҳам хавфсизликнинг асосий кафолатларидан бири. Чунки Европанинг умумий кучи, жумладан, Украинанинг хавфсизлик, технология ва иқтисодий ҳиссаси туфайли ҳам мумкин”, — деди Зеленский.
Украина раҳбарининг таъкидлашича, айнан шу сабаб Киев ЕИга тезроқ аъзо бўлишни талаб қилмоқда ва бу йўлда шериклар қўллаб-қувватлашига умид қилмоқда.
Австрия ҳукумати раҳбари билан музокаралар чоғида Володимир Зеленский Австрияга Украина энергетика секторига кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирди ва Кристиан Штоккерни қарийб тўрт йилдирки Россиянинг кенг кўламли босқинига қарши курашиб келаётган Украинага ташриф буюришга таклиф қилди.
“Россия ҳар куни украинларни ёруғлик ва иссиқликсиз қолдириш учун энергетикага зарба беряпти, шериклар бунга муносабат билдириши жуда муҳим. Шунинг учун ўтган ҳафта Австрия энергетика секторимизни қўллаб-қувватлаш учун маблағ ажратганини жуда қадрлаймиз”, — деди Зеленский.
Шунингдек, у Штоккерга Абу-Дабида ўтган Украина, АҚШ ва Россия делегациялари иштирокидаги уч томонлама учрашувлар мазмуни ҳақида ҳам маълумот берган.
Ҳозирча Украина учун ЕИга тезлаштирилган тарзда аъзо бўлиш истиқболи мавжуд эмас. Украина — номзод давлат ва Еврокомиссия мамлакатнинг асосий ислоҳот талабларини бажаришдаги тараққиётини тасдиқламоқда. Бироқ Венгрия ветоси сабаб Киев ҳалигача ЕИга кириш бўйича расмий музокараларни бошлай олмаяпти. Аъзолик шартлари ҳақида норасмий маслаҳатлашувлар эса давом этмоқда.
Мавзуга оид
14:42
Киев: Трамп 15 майгача тинчлик шартномасини тузишга интилмоқда
11:50 / 27.01.2026
Зеленский: Украина, Россия ва АҚШнинг янги учрашуви 1 феврал куни бўлиб ўтади
11:30 / 27.01.2026
Абу-Даби музокаралари фонида Украинага ҳужумлар кучайди
09:33 / 27.01.2026