Жаҳон | 20:27 / 29.01.2026
5032
6 дақиқада ўқилади

АҚШ Эронга ҳужум қилмоқчи: Американинг мотивлари ва шартлари нималар?

Эронда декабр охирида бошланган намойишлар январ ойи ўрталарига келиб батамом тўхтаган. Ўша намойишлар чўққисига чиққан вақтда Трамп уларни қўллаган бўлса-да, АҚШдан реал ҳаракат кўзга ташланмаган эди. Лекин энди вазият ўзгараётгандек. Америка камида 10 та ҳарбий кемадан иборат армадасини Ислом Республикаси яқинига келтириб қўйди. Трамп муттасил таҳдидлар қилмоқда.

Форс кўрфазига, Эрон чегараларига Американинг авиаташувчи кемалар гуруҳи келиб жойлашган. Уларнинг энг каттаси – Абраҳам Линколн номидаги авиаташувчи улкан кема. Унинг гарданида 90 дан ортиқ қирувчи ҳарбий самолётлар ва вертолётлар бор.

Қолаверса, Линколн атрофида яна учта эсминец мавжуд бўлиб, улар ҳам энг замонавий ракеталар билан қуролланган. Ушбу авиаташувчи кемалар гуруҳидаги жами аскарлар сони 40 мингдан ошиши айтилмоқда. Бу – тўлақонли ҳарбий операцияни амалга ошириш учун етарли катта куч.

Трамп бу кучларни Эрон яқинига олиб келиб, узоқ муддат бу ерда қолдира олмайди. Ёки ҳужум бошлаши керак, ёки маълум вақтда уларни ортга қайтариши керак бўлади. Чунки бундай катта контингентни бу ерда ушлаб туриш кунига бир неча миллионлаб доллар туради.

Доналд Трампнинг Америкаси мафкура ҳақида гапирмайди. У ўзининг интервенцияларини инсон ҳуқуқлари ва демократияга боғламайди. Қуруқ ва агрессив прагматизм даври аллақачон ҳукмрон. Трамп – очиқчасига нефт ва геосиёсий проектлар ҳақида гапирадиган сиёсатчи. Венесуэлага ҳужумдан мақсад – нефт экани бугун ҳаммага маълум. Лекин кўпчилик экспертлар “Американинг нефти ўзига етади” дерди. Унда АҚШнинг Эронга босимидаги мотивлар нималардан иборат?

Биринчи мотив – яна барибир нефт. Тўғри, 2010-йилларда АҚШ ўзининг ҳудудидаги сланс нефтини қайта ишлаш технологиясини ривожлантирди. Натижада АҚШ маълум муддат биринчи учталикка кирувчи нефт қазиб олувчи ва қайта ишловчи давлатга ҳам айланиб улгурди. Бироқ халқаро институтларнинг баҳосига кўра, АҚШнинг сланс нефти ҳажми у қадар катта эмас. Гарчи АҚШнинг нефт заҳираси 80 млрд баррел дейилса-да, аслида реал резерв 20-25 млрд баррелдан ошмаслиги ҳам тахмин қилинади. Бу захира йилига 2-4 фоиз қисқариб бормоқда.

Қолаверса, дунё бозоридаги нефтнинг нархи 60 доллардан арзон бўлса, АҚШда сланс нефтини қазиб олиш даромад келтирмайди, зарар келтиради. Чунки бу нефтни қазиб олувчи ва қайта ишловчи компаниялар зарарига ишлаган бўлади. Агар нефт нархи 61 доллардан қимматроқ бўлса, бу АҚШ иқтисодиётининг ўсишига салбий таъсир қилади. АҚШ иқтисодиёти жадал ўсиб бориши учун нефт нархи арзонроқ бўлиши керак.

Нефт – бу дунё иқтисодиётининг қони. Нефтсиз иқтисодий ўсиш ва қудрат ҳақида гапириш имконсиз. Шунинг учун нефт – сиёсий ва геосиёсий энг муҳим омиллардан бири. Трамп Америкаси дунёдаги эркин нефт “бочкалари”ни ўз назоратига олиш ниятида. Ва шу йўл билан дунёдаги бошқа қудратларнинг ўсишини, ривожланишини ўз назоратига олмоқчи бўляпти. АҚШ назоратидан ташқари бўлган бор– йўғи 3-4 давлат катта ҳажмдаги нефт заҳираларига эга эди. Венесуэлада Мадуро режими ўзгартирилди, янги ҳокимият АҚШ билан тўқнашмаслик учун муроса изламоқда. Мана шу фонда АҚШ Эронга ҳужум қилишни ўрганмоқда.

Эрон кейинги 2 йил ичида ўзининг бир асрлик нефт қазиб чиқариш тарихида рекорд ўрнатди. Чунки 92 миллион аҳолига эга Эронга пул керак. Санкцияларга тушган Эрон ўз нефтини асосан уч давлат орқали яширин йўллар билан сотиб келмоқда. Бу – Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия ва Ироқ. Туркия ўзи учун арзонроқ нефт сотиб олишдан манфаатдор. Эрон нефти нисбатан арзонроқ, чунки санкциялар остида. Ироқ ва Амирликлар тайёр Эрон нефтини “ўзимники” деб сотади ва яхшигина даромад ҳам қилмоқда.

АҚШнинг мақсади – Хитойга, Ҳиндистонга, АҚШга қарши бўлган давлатларга бораётган нефт ҳажмини ўз назоратига олиш. Хитой ҳар куни 11,5 миллион баррел нефт истеъмол қилади. Йиллик истеъмол ҳажми – 577 миллион тонна. Ҳиндистон эса дунё нефтининг 10 фоизини истеъмол қилади. Яқин ўн йилликлар ичида Ҳиндистоннинг иқтисодиёти ўсиб, глобал нефт истеъмолининг 20 фоизига чиқиши мумкин. Шунинг учун АҚШ ўз нефт захираси сўниб бораётгани, бошқа давлатлар иқтисодиётининг жадал ўсиб бораётганини инобатга олиб, нефти бор давлатларни ўз назоратига олишга киришди. Агар Эрон тизими ҳам йиқилса, АҚШ назоратидан ташқарида бўлган битта йирик нефт давлати қолади, бу ҳам бўлса Россия.

АҚШнинг Эронга босимидаги иккинчи омил – минтақа геосиёсати, аниқроғи Исроил манфаатлари. Эрон режимини йиқитиш – Исроилнинг азалий орзуси. Бугун Исроил мана шу орзусига яқин турибди.

Трамп Эрон ҳокимиятига учта шарт қўйди: 1) Ядровий дастурдан тўлиқ воз кечиш; 2) Гипертовушли ва узоққа учувчи ракеталардан воз кечиш; 3) Яқин Шарқ минтақасидаги прокси кучлардан воз кечиш.

Бироқ, Эрон тезда ва узил-кесил жавоб бериб улгурди: йўқ, йўқ, йўқ…

Демак, яқин кунларда Яқин Шарқда янги ҳарбий операциялар, уруш бошланиш эҳтимоли ошди. Эрон – катта давлат: аҳолиси 92 миллион, ҳудуди Ғарбий Европа билан тенг, ҳарбий салоҳияти ҳам примитив эмас. Кутиш мумкинки, бу тирашув тезда ва осонликча ҳал бўлмайди…

Камолиддин Раббимов
Муаллиф Камолиддин Раббимов

Мавзуга оид