Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Deutsche Bank’да пул ювиш гумони билан тинтувлар ўтказилди
ГФРнинг энг йирик банки — Deutsche Bank’ка нисбатан олиб борилаётган тергов тафсилотларини прокуратура ошкор қилмаяпти. ОАВ маълумотларига кўра, иш банкнинг собиқ мижози бўлган Роман Абрамович билан боғлиқ.
Фото: Томас Лонес / Getty Images
Франкфурт-Майн шаҳрида Германиянинг энг йирик банки — Deutsche Bank штаб-квартирасида чоршанба, 28 январ куни тинтувлар ўтказилди. Тинтувлар Берлиндаги Deutsche Bank бўлимида ҳам амалга оширилган. Der Spiegel ҳафтаномасига кўра, Франкфурт-Майндаги тергов тадбирларида фуқаролик кийимидаги тахминан 30 нафар ходим иштирок этган.
Франкфурт-Майндаги иқтисодий жиноятлар бўйича прокуратура билдиришича, пул ювиш гумони бўйича олиб борилаётган тергов федерал жиноят ишлари бошқармаси билан ҳамкорликда “Deutsche Bank’нинг шахси аниқланмаган мансабдорлари ва ходимларига нисбатан” юритилмоқда. Прокуратура тергов ҳақида қўшимча маълумот беришдан бош тортди. Шу билан бирга, dpa агентлиги ёзишича, тергов марказида Deutsche Bank’нинг “чет эл компаниялари билан аввалги ишбилармонлик муносабатлари” турибди, ўша компаниялар эса, ўз навбатида, “пул ювиш учун ишлатилган бўлиши мумкин” деган шубҳа остида.
Манбаларга кўра, тергов 2013–2018 йиллар оралиғида россиялик олигарх ва бизнесмен Роман Абрамовичга тегишли компаниялар мураккаб тармоғи доирасида амалга оширилган молиявий операцияларга дахлдор. Süddeutsche Zeitung газетаси ҳам тинтувлар Абрамович — Deutsche Bank’нинг собиқ мижози билан боғлиқ эканини ёзмоқда. Унинг маълумотига кўра, банк Абрамович компанияларига нисбатан “пул ювишда гумон қилингани ҳақидаги бир ёки бир нечта хабарномани” (шубҳали операциялар тўғрисидаги билдиришномани) ҳокимият органларига кечикиб юборган.
Роман Абрамович 2022 йил баҳоридан буён Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатида турибди. Бизнесменнинг адвокати баёнот бериб, мижози немис ҳокимияти томонидан бу масалада қандайдир терговлар олиб борилаётганидан бехабар эканини айтган. Шунингдек, адвокат Абрамович “ҳамиша миллий ва халқаро қонунчиликка тўлиқ мувофиқ ҳаракат қилгани”ни, бунинг аксини айтадиган ҳар қандай иддаолар “ёлғон ва олигарх обрўсига путур етказувчи ахборот” эканини таъкидлаган.
Deutsche Bank вакили тинтувлар ўтказилганини тасдиқлади, аммо қўшимча тафсилотларни очиқламади. “Биз Франкфурт прокуратураси томонидан Deutsche Bank офисларида ҳозирда тадбир ўтказилаётганини тасдиқлаймиз. Банк прокуратура билан тўлиқ ҳамкорлик қилмоқда. Қўшимча маълумот бера олмаслигимизга тушуниш билан қарашингизни сўраймиз”, — деди у.
Тинтувлар ҳақида маълум бўлганидан кейин Deutsche Bank акциялари биржада қарийб 4 фоизга пасайган.
Мавзуга оид
15:30 / 11.11.2025
Украинада Зеленскийнинг сафдоши Тимур Миндич уйида тинтув ўтказилди
09:17 / 05.11.2025
Тўққиз давлат фирибгарларга қарши кенг кўламли амалиёт ўтказди
12:30 / 17.09.2025
Стандартлар институтидаги ностандарт устамалар. Ташкилот ходимларига 483 млн сўмгача қўшимча пул берилган
09:34 / 09.08.2025