Жаҳон | 12:49
810
4 дақиқада ўқилади

Берлин баллистикага қарши янги сунъий йўлдош дастурини бошламоқда

Украинага қарши Россия агрессияси фонида Германия Европада биринчи бўлиб баллистик ракеталарни кузатиш учун сунъий йўлдошлар тизимини барпо этмоқчи, деб маълум қилди немис генерал-майори Михаэл Траут.

Фото: Roscosmos space corporation/AP/dpa/picture alliance

Европанинг мудофаа масалаларида АҚШга қарамликни камайтиришга интилиши фонида Германия Европа давлатлари орасида биринчи бўлиб ракеталарни аниқлаш учун сунъий йўлдош тизимига таянч бўладиган ўз инфратузилмасини яратиш ниятида. Бу ҳақда Бундесвернинг Космик кучлари қўмондони, генерал-майор Михаэл Траут 29 январ, пайшанба куни чоп этилган Британиянинг Financial Times (FT) газетасига берган интервюсида билдирди. “Европа космик кучлар ва воситаларнинг деярли барча жиҳатларида АҚШга боғлиқ. Ракеталарни аниқлаш ва уларни тутиб қолиш учун суверен немис ва европача усулларни яратишга ўта катта эҳтиёж бор”, — деди Траут.

Ўз сунъий йўлдош тизимини яратиш зарурати Россиянинг узоқ масофага учувчи “Орешник” баллистик ракетаси пайдо бўлиши билан боғлиқ: у аллақачон икки марта Украинага зарба беришда қўлланган ва уни тутиб қолиш жуда қийин деб ҳисобланади. FT ёзишича, бу ҳолат Европа учун ракета учирилишларини аниқлаш соҳасидаги заифликни очиқ кўрсатиб берган. Германия мудофаа вазири Борис Писториус “бизга 2029 йилга бориб урушга тайёр бўлиш ҳақида буйруқ берди, аммо космосда керак бўлса, биз ҳозирнинг ўзида жанг қилишга тайёр бўлишимиз шарт”, — деди Траут.

Украинада давом этаётган Россия ҳарбий агрессияси туфайли Европада ракета таҳдиди кучайиб бораётгани ракеталар учирилишини кузатишни “оператив устувор вазифа”га айлантирмоқда. Шунинг учун Германия “ҳозир ракеталарни аниқлаш бўйича сунъий йўлдош тизимининг ўзагини яратиш”ни режалаштирмоқда. Лойиҳа миллий характерга эга бўлиши кутилмоқда, “лекин, албатта, европача ҳамкорлик учун очиқ”, — дея қўшимча қилди генерал-майор Михаэл Траут.

Европа космик агентлиги (ESA) бош директори Йозеф Ашбахер FT’га берган изоҳида Берлин бошлаган дастурда иштирок этиш бўйича музокаралар аллақачон кетaётганини айтди. Шу пайтгача ESA фақат тинч мақсадларда космосни ўзлаштириш билан шуғулланган, аммо ўтган йили унинг аъзолари — ЕИ давлатларидан ташқари Буюк Британия, Норвегия ва Канада ҳам кирган ҳолда — биринчи марта икки хил мақсадга (яъни ҳам фуқаролик, ҳам ҳарбий) хизмат қилиши мумкин бўлган дастурни молиялаштиришга келишиб олган.

“Биз Германия билан доимий учрашувлар ўтказяпмиз ва уларнинг куч ҳамда воситаларини Европа инфратузилмаси доирасида бирлаштирадиган тизимли архитектура яратиш имкониятини муҳокама қиляпмиз”, — деди Ашбахер космосдан ракеталарни кузатиш дастури ҳақида.

Ҳозирда Европа давлатлари ҳали ҳам АҚШ томонидан НАТО орқали тақдим этиладиган умумий космик огоҳлантириш тизимига таянади, жумладан узоқ масофали ракеталар учирилишини аниқлашда ҳам. Бироқ АҚШ президенти Доналд Трампнинг НАТОга нисбатан олдиндан айтиб бўлмайдиган позицияси ва унинг яқинда Гренландияни аннексия қилиш ҳақида билдирган таҳдидлари Европа давлатларини хавотирга солиб, мудофаа соҳасида каттароқ автономия талабларини тезлаштирди.

Ўтган йили Германия 2030 йилга қадар ҳарбий-космик технологияларга 35 млрд евро сармоя киритиш ниятини эълон қилди ва шу тариқа бундай сармоялар ҳажми бўйича жаҳон етакчилари қаторига киришни кўзламоқда. Шунингдек, Financial Times эслатишича, Берлин Европанинг ер устидаги ҳаво мудофааси ва ракетага қарши мудофаасини мустаҳкамлаш учун “Осмон қалқони” (Sky Shield) ташаббусини амалга оширишни бошлаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид