Жамият | 13:39 / 30.01.2026
2776
2 дақиқада ўқилади

Кам таъминланган оилаларга пиллачилик учун 50 сотихдан ер бепул ажратилади

2026 йилдан бошлаб Ўзбекистонда 4 мингта кам таъминланган оилага тут етиштириш ва пиллачиликни ривожлантириш мақсадида 10 йил муддатга 50 сотихдан ер майдони бепул берилиши режалаштирилмоқда. Давлат кўчат, шпалер ва томчилатиб суғориш харажатларининг бир қисмини қоплаб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун субсидия ва фоизсиз ссудалар ажратади.

Фото: ronstik/shutterstock

2026 йилдан бошлаб Ўзбекистонда 4 мингта кам таъминланган оилага тут етиштириш ва пиллачиликни ривожлантириш учун 10 йил муддатга 50 сотихдан ер бепул ажратилади. Бу ҳақда “Дунё” АА inbusiness.kz ахборот агентлигига таяниб хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, давлат мазкур йўналишда оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кўчатлар, шпалерлар ва томчилатиб суғориш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаб беради. Шунингдек, ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун субсидиялар ва фоизсиз ссудалар ажратилиши кўзда тутилган.

Материалда келтирилишича, президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил якуни бўйича мамлакат иқтисодиёти 7,7 фоизга ўсгани, ялпи ички маҳсулот 147 миллиард доллар бўлгани, инвестициялар 43 миллиард долларга ошгани, экспорт эса қарийб 34 миллиард долларга етганини маълум қилган. Шунингдек, бир йил ичида 366 минг оила камбағалликдан чиқарилгани ва камбағаллик даражаси 5,8 фоизга тушгани қайд этилган.

Ислоҳотларда асосий рол маҳаллаларга берилмоқда: ҳокимлар аҳоли бандлиги ва даромадлари учун шахсан жавобгар бўлиши, лойиҳа гуруҳлари ташкил этилиши ҳамда фермерлар учун устоз–шогирд тизими жорий этилиши таъкидланган.

Мақолада, шунингдек, шароити оғир маҳаллаларда қуёш электр станциялари барпо этилиши ва улардан тушадиган даромад аҳоли эҳтиёжларига йўналтирилиши режалаштирилаётгани айтилган.

Манба хулосасига кўра, 2026 йилда ҳукумат яна 1 миллион кишини иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш ҳамда камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоизга туширишни режалаштирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид