Жамият | 08:19
5279
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида мансабдор 7 минг доллар пора олаётганда ушланди

Тошкент вилояти ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” давлат муассасаси директори ўринбосари пудратчи ташкилот манфаати учун қарор чиқартириб бериш эвазига пора олган вақтида қўлга олинди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент вилояти ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” давлат муассасаси директори ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали шартнома қиймати 2 млрд 73 млн сўм бўлган объектни капитал таъмирлаш бўйича ғолиб деб топилган пудратчи ташкилотнинг ҳисоб рақамига бўнак сифатида 1,1 млрд сўм маблағ ўтказиб берганлиги эвазига муқаддам МЧЖ раҳбаридан тамагирлик йўли билан 2 минг АҚШ доллари олгани қайд этилди.

Шунингдек, мансабдор шахс жиноий ҳаракатини такроран давом эттириб, пудратчи ташкилот томонидан қурилиш ишлари белгиланган муддатларда бажарилмагани сабабли ундан 643 млн 530 минг сўм пеня ундириш бўйича Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритилган даъво аризасидан воз кечиш орқали МЧЖ фойдасига ажрим чиқартириб бергани эвазига 5 минг АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида фош этилди.

Маълум қилинишича, у Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган.

Ҳозирда ушбу мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “а, в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид