Авто | 11:01
919
2 дақиқада ўқилади

“Қизил” стикерли автоуловларга шаҳарларга киришда ҳозирча чеклов йўқ

“Экологик транспорт” тизими доирасида “сариқ” ёки “қизил” рангли стикер олган транспорт воситаларининг ҳаракатига чеклов ўрнатилмаган. Расмийларга кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган “қизил стикер билан шаҳарга киритилмайди” мазмунидаги хабарлар асоссиз.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 ноябрдаги 750-сон қарори билан автотранспорт воситаларидан чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар ташламаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсирини назорат қилиш мақсадида “Экологик транспорт” тизимини босқичма-босқич жорий этиш белгиланган.

Тизимга кўра, автотранспорт воситаларининг нормативларга мослиги экологик стикерлар орқали баҳоланади. Автомашиналар “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ранглар билан белгиланиб, мос равишда “тоза”, “ўрта” ва “зарарли” экологик тоифаларга ажратилади.

Экологик тоифани белгилаш Ўзбекистонда фойдаланишда бўлган транспорт воситаларининг тасдиқланган экологик синфи ҳақидаги маълумотлар базаси асосида “Автомототранспорт ҳисоби” модулида автоматик тарзда амалга оширилиши қайд этилган.

Мазкур талаблар асосида 2026 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳрида транспорт воситаларига стикерларни бепул бериш ишлари йўлга қўйилган.

Шу билан бирга, “сариқ” ёки “қизил” рангдаги стикерлар бириктирилган автомашиналар ҳаракатига ҳозирча ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмагани маълум қилинган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид