Жаҳон | 14:09 / 31.01.2026
4143
4 дақиқада ўқилади

Қозоғистон чеченистонлик мухолифатчини Россияга топширишни маъқуллади

Россиянинг чеченистонлик мухолифатчи ва фаол Мансур Мовлаевни экстрадиция қилиш бўйича сўрови Қозоғистон Бош прокуратураси томонидан қаноатлантирилди. Чеченистонда унга ўлим хавф солиши мумкин. Экстрадиция 30 кун ичида амалга оширилиши керак.

Қозоғистон Бош прокуратураси жума куни, 30 январда Россиянинг чеченистонлик мухолифатчи ва фаоли Мансур Мовлаевни экстрадиция қилиш ҳақидаги сўровини қаноатлантирди. Идора мамлакат ИИВ қошидаги Жиноий-ижроия тизими қўмитасига қарор кучга кирганидан сўнг 30 суткадан кечиктирмай Мовлаевни Россия ҳокимиятига топширишни буюрган. Бу ҳақда ўша куни Facebook’да мухолифатчининг адвокати Мурат Адам хабар берди. Қарорга Қозоғистон Бош прокурорининг ўринбосари Асхат Жумагали имзо чеккан.

Адамнинг айтишича, Мовлаевга қочқин мақомини бериш рад этилгани устидан шикоят бўйича 11 феврал куни олдиндан дастлабки эшитув белгиланган эди. Шунинг учун ҳимоя томони бугунги қарорни қонуний эмас, деб ҳисоблайди. Фаолни қўллаб-қувватловчи гуруҳ вакиллари таъкидлашича, Қозоғистон Бош прокуратураси мамлакатда бошпана бериш масаласи бўйича суд қарори чиқмагунча экстрадиция ҳақида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга эмас эди. Улар Мовлаевни РФ ҳудудида қийноққа солишлари ва ўлдиришлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб, журналистлар, жамоат фаоллари ва БМТ махсус маърузачиларини вазиятга аралашишга чақирди.

Қозоғистонликларга йўлланган очиқ мурожаатида Мансур Мовлаев Қозоғистондан уни ўлдиришда шерик бўлмасликни сўраган. Бунга жавоб сифатида, ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотларига кўра, РФ Бош прокуратураси қозоғистонлик ҳамкасбларига таъқибда сиёсий сабаблар йўқлигини айтган ва фаол қийноққа солинмаслигига ваъда берган. Мовлаев адвокатлари ушбу вазиятни бошқа бир чеченистонлик фаол — Салман Тепсуркаев иши билан қиёсламоқда: у ҳам Россияга топширилган ва кейинчалик ҳалок бўлган.

29 ёшли Мансур Мовлаев — Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировни танқид қилган мухолиф фаол. 2020 йилда у “гиёҳванд моддалар тарқатиш” айблови билан уч йилга колонияга ҳукм қилинган. Мовлаев бу айбловни сохталаштирилган, деб ҳисоблайди. Икки йилдан сўнг у шартли муддатдан олдин озодликка чиққан, бироқ тез орада Чеченистонда куч ишлатар тузилмалар ходимлари уни ўғирлаб кетиб, махфий қамоқхоналардан бирида ушлаб турган.

Фаол сохта паспорт билан Қирғизистонга қочишга муваффақ бўлган, у ерда эса чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун ушланган. 2023 йил ноябр ойида уни олти ой қамоқ жазосига ҳукм қилишган ва кейин мамлакатдан чиқариб юбориш белгилаб қўйилган.

Озодликка чиққанидан кейин Мансур Мовлаев Қирғизистонни ўзи тарк этиб, Қозоғистонга кўчиб ўтган. У ерда 2024 йил октябр ойида Чеченистонда унинг ака-укалари Зелимхон ва Ҳамзат ўғирлаб кетилгани ҳақида хабар берган: улар Мовлаевга босим ўтказиш учун ушлаб турилган ва қийноққа солинган, дейилади маълумотда.

2025 йил май ойида маҳаллий полиция Мовлаевни Олмаотада РФдан келган қидирув топшириғи асосида ушлаган. Россияда унга “товламачилик” ва “экстремизм” айбловлари қўйилган. Суд жараёнларидан кейин у ўша ойнинг ўзида Қозоғистонда “бошпана изловчи шахс” мақомини олган — бу эса экстрадициядан вақтинча ҳимоя берган. Декабр ойида Мовлаев сиёсий паноҳ сўраб мурожаат қилган, аммо Қозоғистон унга рад жавобини берган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид