Спорт | 12:17
10406
17 дақиқада ўқилади

Шомуродовда яна гол, Лондон дербисида можаро, Салоҳда рекорд. Кун ўйинлари

«Арсенал» ва «Барса»да ёрқин ғалабалар, «Бавария» яна очко йўқотди. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Reuters

Англия: ЕЧЛ пойгасида камбэклар куни

«Лидс» – «Арсенал» 0:4
Голлар:
Субименди, 27 (0:1). Дарлоу, 38 – автогол (0:2). Йокереш, 69 (0:3). Габриэл Жезус, 86 (0:4)
«Лидс»: Дарлоу, Родон, Стрейк, Жастин (Лонгстафф, 46), Ампаду, Груев (Окафор, 46), Гудмундссон, Богл, Ааронсон (Буонанотте, 71), Штаҳ (Нионто, 81), Калверт-Люин (Пиру, 85)
«Арсенал»: Райя, Салиба, Габриэл Магаляйнс, Инкапие (Калафиори, 75), Тимбер, Субименди, Райс, Ҳаверц (Эдегор, 61), Троссар (Эзе, 81), Мадуэке (Мартинелли, 61), Йокереш (Габриэл Жезус, 76)
Огоҳлантиришлар: Гудмундссон, 37 – Тимбер, 59

Қаторасига уч турда ғалаба қозона олмаган «Арсенал»да инқироз юзага келгани ҳақида тахминлар билдирилганди ва бунга жамоа фақат ишончли ғалаба билан жавоб қайтариши мумкин эди. Амалда ҳам худди шундай бўлиб чиқди, «Лидс» эса АПЛдаги барча жамоалар каби «канонирлар»нинг бурчак зарбаларига чора тополмаяпти. Биринчи гол урилган ҳолатда мезбонлар ҳужумни қайтаргандек эди, аммо тўпни қайта эгаллаб олган меҳмонлар ҳужумни иккинчи темпда давом эттиришди ва ҳимоячиларни финти билан доғда қолдирган Нони Мадуэке тўпни Субимендининг бошига етказиб берди. Кейин эса худди шу вингер бурчак зарбасини шундай ижро этдики, дарвозабон Дарлоу тўпни ўз дарвозасига киритиб юборди.

Шу тариқа, аввалига бошланғич таркибда бўлмаган ва Сака чигалёзди машғулотлари вақтида ўзини ноқулай ҳис қилиши ортидан стартдан ўрин олган футболчи бир бўлимнинг ўзида икки голли ҳаракат амалга оширди, ҳолбуки Нонида 412 кундан буён АПЛда голли узатма бўлмаганди.

Микел Артета шогирдлари ўйиндан ҳам гол уришди: иккинчи бўлимда майдонга тушган Эдегор бошлаб берган ҳужумни дарвозабон ҳудудида очилган Йокереш якунлади, унга иккинчи бўлимда захирадан тушган бошқа бир футболчи Габриэл Мартинелли ассистентлик қилди. Захирадан ўйинга қўшилган яна бир ҳужумчи Габриэл Жезус эса ўйиндаги энг чиройли гол муаллифига айланди. У жарима майдонига киришда Эдегордан пас қабул қилиб олди ва финт ишлатиб, ҳимоячилар таъқибидан қутулган ҳолда тўпни бурчакка жойлади. «Арсенал» танқидларга муносиб жавоб қайтарди ва турнир жадвалидаги ўрнини мустаҳкамлади – камида «Сити» ва «Астон Вилла»нинг якшанба кунги ўйинлари якунига қадар орадаги фарқ 7 очкога етди.

«Челси» – «Вест Ҳэм» 3:2
Голлар:
Боуэн, 7 (0:1). Саммервилл, 36 (0:2). Жоао Педро, 57 (1:2). Кукуреля, 70 (2:2). Фернандес, 90+2 (3:2)
«Челси»: Санчес, Бадиашиле (Кукуреля, 46), Чалоба, Ҳато (Фофана, 46), Гюсто (Жеймс, 81), Фернандес, Кайседо, Палмер, Гарначо (Жоао Педро, 46), Гиттенс (Педру Нету, 26), Делап
«Вест Ҳэм»: Ареола, Мавропанос, Тодибо, Диуф (Скарлз, 81), Ван-Биссака, Фернандеш, Соучек, Пабло (Килман, 67), Саммервилл, Боуэн (Траоре, 81), Кастелянос (Уилсон, 76)
Огоҳлантиришлар: Кайседо, 85. Фернандес, 90. Жоао Педро, 90 – Скарлз, 90. Траоре, 90
Четлатиш: Тодибо, 90

Турнир жадвалининг қуйи қисмидан чиқиб кетишга ҳаракат қилаётган ва сўнгги икки ўйинида ғалаба қозонган «Вест Ҳэм» «Стэмфорд Бриж»да ҳам ғалаба учун келганини намойиш этди. Ўйин стартидаёқ Боуэннинг узатмаси тўғридан тўғри зарбага айланди – бу ҳолатда Пабло тўпга сакраши Санчесни чалғитиб қўйди. «Болғачилар»нинг иккинчи голи ҳам ўнг қанотдан урилди, узун пасдан кейин тўпга етиб борган Боуэн жарима майдони ичига кириб борган шериги Ван-Биссакани пас билан таъминлади. У жарима майдони марказига ташлаб берган тўпга етиб келган Саммервил қаторасига тўртинчи ўйинда ўз номини таблога ёздириб қўйди.

Мезбонлар устози Лиам Росениор ЕЧЛда «Наполи»га қарши кечган қийин ўйиндан (жамоа камбэк амалга ошириб, кучли саккизликка кирганди – 3:2) кейин ва кейинги ҳафта ўртасида Лига кубоги яримфиналида «Арсенал»га қарши кечадиган жавоб учрашуви олдидан (кўклар ўз майдонидаги биринчи ўйинда 2:3 ҳисобида ютқазган) таркибда катта ротацияга қўл урганди – Педру Нету (у биринчи бўлимда жароҳат олган Гиттенсни алмаштирди), Жоао Педро, Кукуреля, Фофана, Жеймс каби асосий таркиб футболчилари захирада қолдирилганди. 

Мураббий иккинчи бўлимни бирданига уч футболчини алмаштириш билан бошлади – ўтказилган голларда хатога йўл қўйган ҳимоячилар Бадиашиле ва Ҳато, шунингдек, биринчи бўлимда 10 мартадан ортиқ тўп йўқотган чап қанот вингери Гарначо ўрнига мос равишда Кукуреля, Фофана ва Педро туширилди. Меҳмонлар эса иккинчи бўлимда ҳам ҳужумкор ўйин кўрсатишда давом этди ва Санчесни бир неча бор қаҳрамонлик кўрсатишга мажбур этишди.

Футболчилар танаффусга чиқиб кетишаётганида Санчес «Стэмфорд Бриж»ни тўлдириб ўтирган фанатларни тинчлантиришига тўғри келганди. Ушбу испаниялик дарвозабон норозилик билдираётган мухлисларга қарата жамоада ҳали барчасини ўнглаш учун 45 дақиқа борлигини айтганди.

Унинг гаплари тўғри эди – иккинчи бўлимда мезбонлар барчасини ўз қўлига олишди. Захирадан туширилган футболчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан камбэк амалга оширилди: 56-дақиқада Жоао Педро Уэсли Фофананинг идеал кроссига етиб бориб, ҳисобни қисқартирди. Кейин эса Марк Кукуреля ҳам бошда дарвозани ишғол этиб, мувозанатни тиклади.

Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса Жоао Педронинг узатмасидан кейин Энцо Фернандес ғалаба голини уришга эришди. Амалда барчаси бошқача кечиши мумкин эди, чунки ҳисоб 2:2 эканида меҳмонлар ҳимоячиси Тодибо дарвозабон ҳудудида туриб тўпни дарвозага тўғри тепа олмаганди.

Якунда ушбу франциялик ҳимоячи – оқшомнинг энг омадсиз кишисига айланди. Ҳакам ҳуштаги чалиниши арафасида майдонда икки жамоа футболчилари ўртасида жанжал бошланиб кетди. 90+6-дақиқада Адама Траоре бурчакда Кукуреляни куч билан туртиб, майдон ташқарисига чиқариб юборди, Жоао Педро эса шеригини ҳимоя қилиб, унинг ўзига ташланди. Воқеа жойига етиб келган Тодибо эса бразилиялик ҳужумчининг бўйнидан бўғиб олди.

Якунда Тодибога қизил, жанжалда иштирок этган яна тўрт футболчига сариқ карточкалар кўрсатилди. Мезбонлар якунда тарихий ғалабани нишонлашди. Бунгача «Челси» АПЛ ўйинларида 57 марта биринчи бўлимдан кейин икки тўп фарқи билан ортда борган ва илк марта бундай ўйинни ғалабага айлантира олди.

«Ливерпул» – «Нюкасл» 4:1
Голлар:
Гордон, 36 (0:1). Экитике, 41 (1:1). Экитике, 43 (2:1). Вирц, 67 (3:1). Конате, 90+3 (4:1)
«Ливерпул»: Алиссон, ван Дейк, Конате, Керкез, Собослаи, Макаллистер, Гравенберҳ, Вирц (Эндо, 87), Гакпо, Салоҳ (Жонс, 84), Экитике (Киеза, 84)
«Нюкасл Юнайтед»: Поуп, Тшау, Бёрн, Ҳолл (А. Мёрфи, 89), Триппиер (Осула, 84), Тонали, Рэмси, Уиллок (Висса, 73), Барнс (Ж. Мёрфи, 73), Эланга (Волтемаде, 73), Гордон
Огоҳлантиришлар: Макаллистер, 59 – Гордон, 11. Рэмси, 45. Бёрн, 86

«Ливерпул» ҳафта ўртасида ЕЧЛ гуруҳ босқичи сўнгги турида «Қорабоғ»га қарши ўйинда хумордан чиққунча гол урганди (6:0). «Нюкасл» эса бутунлай бошқа даражадаги рақиб эди ва «Энфилд»даги учрашувнинг биринчи бўлимида меҳмонлар фаолроқ ўйнаб, хавфлироқ вазиятлар яратишди. Эдди Ҳау шогирдлари қарши ҳужумларга таянди ва шундай ҳужумлардан бири Гордон ҳисобни очиши билан якунланди. Аммо қизиллар тезда ўзига келишди, ажойиб формага кириб олган Вирц тўпни қулай позицияда турган Экитикенинг оёқлари олдига олиб келиб берди.

Жамоанинг мослашиш даври қийин кечгани учун танқидга учраган ёзги харидлари ниҳоят ўз сўзини айтмоқда. Шундай футболчилардан бири бўлган Керкез бир неча дақиқа ўтиб ўз жарима майдони яқинида турган ҳолда Экитикенинг иккинчи голини ташкиллаштириб берди. Шу билан бирга, бу ҳужумда француз ҳужумчисининг маҳоратини ҳам эътироф этиш керак, у тезлик олиб, ҳимоячидан қочиб кетди ва шведка услубидаги зарбаси билан тўпни Поупнинг ёнидан ўтказганча дарвозани ишғол этди.

Шу тариқа, барчаси бир неча дақиқа ичида ўзгариб кетди, иккинчи бўлимда эса Салоҳ Вирцга голли узатма бериб, АПЛда яна бир рекорд ўрнатди. Энди мисрлик ҳужумчи битта стадиондаги голли ҳаракатлар сони бўйича (жами 152 та гол ва пас) Тиерри Анри ва Уэйн Рунини ортда қолдириб, мутлақ рекордчига айланди. Қолаверса, у битта рақибга қарши ўйинлардаги гол ва узатмалар сони камида ўнтани ташкил этаётган ягона футболчидир (10+10).

Ўйин охирида яна бир эътиборли воқеа содир бўлди. 90+3-дақиқада Конате гол уриб, ўйиндаги якуний натижани ўрнатди. Бу ўйин натижасига таъсир кўрсатмаган бўлса-да, футболчининг ўзи учун бу гол муҳим эди. Январ бошида унинг отаси вафот этган ва уч ўйинни ўтказиб юборганди, футболчи голни нишонлаш чоғида йиғлаб юборди, уни эса аввалроқ отасидан айрилган Алиссон юпатди.

«Ливерпул» учун бу АПЛда 2026 йилдаги илк ғалаба бўлди. Бу ғалаба орқали бешинчи ўринга чиқиб олган мерсисайдликлар пастдан таъқиб қилиб келаётган «Нюкасл» билан орадаги фарқ олти очкога етказилди, тўртинчи ўриндаги «Челси» билан орадаги бир очколик фарқ сақланиб қолди.

Испания: Феррандан дарвинча ижро

«Элче» – «Барселона» 1:3
Голлар:
Ямал, 6 (0:1). Родригес, 29 (1:1). Торрес, 40 (1:2). Рэшфорд, 72 (1:3)
«Элче»: Пеня, Чуст, Доналд, Аффенгрюбер (Петро, 74), Агуадо (Редондо, 56), Мендоса, Валера, Педроса, Диангана (Нето, 60), Андре Силва (Бойар, 60), Родригес (Сепеда, 75)
«Барселона»: Х. Гарсия, Кубарси, Э. Гарсия, Балде, Кунде (Араухо, 84), де Йонг, Фермин Лопес (Касадо, 85), Олмо (Бернал, 62), Рафиня (Рэшфорд, 46), Ямал, Торрес (Левандовски, 62)
Огоҳлантиришлар: Доналд, 38. Мендоса, 76 – де Йонг, 90

«Барселона» яна дарвозаси дахлсизлигини сақлай олмади, аммо ҳужумдаги кучли ўйин ҳимоядаги хатоларни ёпиб кетмоқда. Ўйин стартидаёқ Дани Олмонинг узатмасидан кейин яккама-якка вазиятга чиқиб борган Ямал ла лиганинг бир мавсумида урилган голлар сони бўйича (9) ўз рекордини янгилади. Бўлим охирида эса Ферран Торрес 20 ўйинда 12-голини уриб, кўк-анорранглилар сафида сўнгги 12 йил ичидаги энг сермаҳсул испан футболчисига айланди – Педро  2013/14 йиллар мавсумида 37 ўйинда 15 урган, Торресда унинг натижасини яхшилаш учун ҳали имконият етарли.

Ушбу ҳужумчи ўз натижасини шу ўйиннинг ўзидаёқ яхшилаб олиши мумкин эди, аммо бунинг ўрнига чемпионатнинг «Даҳшатли хатолар» номинацияси бўйича ҳайлайти қаҳрамонига айланадиган бўлди. У дарвозабон ҳудудида туриб шундай зарба бердики, тўп аввалига тўсинга, кейин устунга тегди, аммо дарвоза тўрига кирмади.

Лекин каталониялик мухлисларни унинг хатоси эмас, биринчи бўлим охирида Рафиня жароҳат олиб, майдонни тарк этиши ранжитди. Шу билан бирга, унинг ўрнини эгаллаган Рэшфорд иккинчи бўлимда якуний ҳисобни ўрнатди. Ижара асосида ўйнаётган ҳужумчи жамоанинг Ямал ва Фермин Лопесдан кейинги энг сермаҳсул учинчи футболчиси бўлиб турибди (барча турнирлар доирасида 10+10). «Барса» мухлислари аллақачон Англиядан келаётган хабарлардан хавотирга туша бошлаган, унга кўра, агар Майкл Кэррик «МЮ» бош мураббийи сифатида қоладиган бўлса, Маркусни қадрдон клубига қайтармоқчи.

«Осасуна» – «Вилярреал» 2:2
Голлар:
Морено, 17 – пеналти (0:1). Муньос, 20 (1:1). Будимир, 45+2 (2:1). Морено, 70 (2:2)
«Осасуна»: Гарсия (Бретонес, 76), Галан, Катена (Эррандо, 46), Эррера, Бойомо, Торро, Розе, Моро (Орос, 62), Монкайола, Мунйос, Будимир (Раул Гарсия, 76)
«Вилярреал»: Луис Жуниор, Марин, Вейга, Педраса (Кардона, 46), Моуриньо, Парехо (Комесаня, 75), Гуйе, Молейро, Пепе, Морено (Олувасейи, 83), Микаутадзе (Бюкенен, 75)
Огоҳлантиришлар: Катена, 38. Торро, 72 – Педраса, 19. Вейга, 90

«Леванте» – «Атлетико» 0:0
«Леванте»: Райан, Морено (Санчес, 29), де ла Фуэнте, Маттурро, Толян, Пабло Мартинес, Рагубе, К. Алварес (Оласагасти, 75), Лосада (Этта Эйонг, 59), Тунде (Кортес, 75), Ромеро (Абед, 89)
«Атлетико»: Облак, Лангле (Ганцко, 46), Ле Норман, Руджери, Молина, Кардозо, Барриос (Коке, 49), Гонсалес (Монсеррате, 73), Лиоренте (Баэна, 59), Сёрлот (Х. Алварес, 27), Алмада (Пубил, 58)
Огоҳлантиришлар: де ла Фуэнте, 84. Оласагасти, 90 – Лангле, 21

ЕЧЛ йўлланмаси учун курашаётган «Вилярреал» «Осасуна» майдонидаги ўйинда ҳисобда ортда қувишига тўғри келди ва Жерар Морено дубли билан ушбу вазифани уддалашга ёрдам берди. Шу билан бирга, «сариқ субмариналар» бу турда очко йўқотган «Атлетико»га яқинлаша олмади, мадридликлар сафида Хулиан Алварес 11 ўйиндан буён гол уролмаяпти ва бу аргентиналик футболчи учун рекорд даражадаги нохуш серия. Бошқа томондан, Марселино Торал жамоаси бешинчи ўрин билан орадаги фарқни ошириб олди – мавсум стартида шов-шув кўтарган «Эспанёл» қаторасига бешинчи турда юта олмаяпти. «Тўтиқушлар»нинг шанба куни «Алавес»дан учралган мағлубияти – бу оралиқдаги тўртинчиси бўлди.

Германия: «Бавария»да яна қоқилиш

«Ҳамбург» – «Бавария» 2:2
Голлар:
Виейра, 34 – пеналти (1:0). Кейн, 42 (1:1). Диас, 46 (1:2). Вушкович, 53 (2:2)
«Ҳамбург»: Ойер Фернандеш, Вушкович, Элфадли, Капалдо, Локонга (Ферай, 85), Ремберг, Муҳайм, Микелбренсис (Омари, 73), Жатта (Гочолеишвили, 59), Виейра (Глатцел, 85), Кенигсдерффер (Филипп, 73)
«Бавария»: Нойер, Упамекано, Ким Мин Жэ (Та, 65), Дэйвис, Станишич, Киммиҳ, Павлович, Карл (Диас, 46), Гнабри (Мусиала, 65), Олисе, Кейн
Огоҳлантиришлар: Ремберг, 23. Муҳайм, 55. Локонга, 75. Гочолеишвили, 85. Ойер Фернандеш, 90. Капальдо, 90 – Ким Мин Жэ, 57. Кейн, 87. Олисе, 90. Киммиҳ, 90

Футболда барчаси бир неча дақиқа ичида ўзгариб кетиши мумкин. Бу ўйинда ҳам «Бавария» ҳисобни очиши муқаррардек кўринганди, аммо мезбонларни дарвоза тўсини қутқарди ва амалда кейинги вазиятда Киммиҳ ўз жамоаси жарима майдонида фол ишлатди. «Ҳамбург» пеналти тепиш ҳуқуқини қўлга киритди ва Виейранинг аниқ зарбаси эвазига ҳисобни очди. Танаффус арафасида Киммиҳ айбини қисман ювиб, Кейнни голли узатма билан таъминлади. Аммо шу билан меҳмонлар ташаббусни ўз томонига оғдира олмади ва Нойер мунтазам равишда ўз маҳоратини ишга солиши талаб этилди.

Иккинчи бўлимда Карл ўрнини эгаллаган Диас мюнхенликларни ҳисобда олдинга олиб чиқиши ҳам мезбонларни таслим қила олмади. «Бавария» мудофааси шу куни ишончли ҳаракат қилмади ва бурчак зарбаси амалга оширилганида 19 ёшли Вушкович рақиб футболчиларининг барчасидан баланд сакраб, ҳисобни тенглаштирди. Яна бир вазиятда мезбонлар футболчиси қарши ҳужумда тўпни Нойер устидан ошириб ташлаганида, Дэйвис сўнгги лаҳзада тўпни чизиқ устидан қайтариб юборди.

Якунда Венсан Компани шогирдлари қаторасига иккинчи ўйинда очко йўқотди ва Дортмунднинг «Боруссия» клубига яқинлашиб олиш имконини берди.

Туркия: Шомуродов – тўпурар

«Бошоқшеҳир» – «Ризеспор» 2:2
Голлар:
Элдор Шомуродов (19), Бергут Йилдирим (74) – М. Шаҳин (45+1), Валентин Михайла (68).

Тўрт ўйиндан иборат ғалабали серия қайд этган «Бошокшеҳир» навбатдаги ўйинда ҳам биринчи бўлиб ҳисобни очди. 19-дақиқада чап қанотдан узатилган тўпни Элдор Шомуродов осонлик билан дарвоза тўрига йўллади. Ўзбекистонлик ҳужумчи учун бу Туркия суперлигасидаги 14-голи бўлди ва у чемпионат тўпурарлари пойгасида етакчиликни давом эттирмоқда – уни «Трабзонспор» ҳужумчиси Пол Онуачу 13 гол билан таъқиб этмоқда.

Шомуродов шу темпда давом этадиган бўлса, нафақат чемпионатнинг бу мавсумида, балки Истанбул клуби тарихидаги энг яхши тўпурарга айланиб олиши мумкин – ҳозирча бу борадаги рекорд ўтган мавсумда 21 гол урган ва ёзда Қатар чемпионатига йўл олган Кшиштоф Пёнтекка тегишли.

Истанбулликлар ўйин давомида ташаббусни рақибга бериб қўйишди ва фақат Йилдиримнинг голи эвазига мағлубиятдан қутулиб қолишди. Эндиликда жамоа 20 турдан кейин 30 очко тўплаган ҳолда олтинчи ўринда бормоқда ва пешқадам «Галатасарой» билан орадаги фарқ 16 очкога тенг.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев

Мавзуга оид