Жаҳон | 15:56 / 02.02.2026
3359
2 дақиқада ўқилади

Полшага Беларусдан яна ҳаво шарлари учиб келди

Охирги бир неча кун ичида Полша ҳаво ҳудудига “ҳаво шарларига ўхшаш объектлар” бир неча бор кириб келди. Чегарачилар бу эҳтимолий контрабанда билан боғлиқ, деб ҳисоблайди. Ҳарбийлар эса буни ҲҲМ реакциясини текшириш сифатида баҳоламоқда.

Фото: Uncredited/AP

Полша ҳарбийлари Беларус билан чегарадаги ҳаво ҳудудида навбатдаги ҳодиса содир бўлганини маълум қилди. Якшанба, 1 февралга ўтар кечаси Полша ҳаво ҳудудига “ҳаво шарларига ўхшаш объектлар кириб келгани” қайд этилган. Бу ҳақда Полша Қуролли кучларининг оператив қўмондонлиги X ижтимоий тармоғида баёнот берди.

Полша томони маълумотларига кўра, бу объектларнинг парвози ҳарбий радиолокация тизимлари орқали назорат қилинган ва мамлакат ҳаво хавфсизлигига таҳдид солмаган. “Полша Қуролли кучлари Полша ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлашга доир вазифаларни бажаришга тайёр ҳолда қолади”, — дейилади қўмондонлик баёнотида.

Ҳарбийлар ушбу шарларни учиришни “Беларус томонидан навбатдаги разведка уриниши ва Полша ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) тизимларининг реакциясини текшириш” деб атаган.

Шу билан бирга, Полша чегара хизмати аниқланган объектлар, эҳтимолий контрабандачиларнинг ҳаво шарлари эканини билдирди.

“Ҳодиса ҳолатларини аниқлаш чоралари кўрилмоқда. Чегарада амалга оширилаётган барча ҳаракатлар миллий хавфсизликнинг интеграциялашган тизими доирасида бажарилмоқда. Чегара ҳудудида қоидабузарлик ёки унга яқинлашиш ҳақидаги ҳар бир сигнал хизматлар томонидан текширилади”, — дейилади чегарачилар баёнотида.

Беларус томондан яқинлашиб, Полша ҳаво ҳудудига кирган ҳаво объектлари 31 январ ва 28 январга ўтар кечаларда ҳам қайд этилган. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида Подлясе воеводлиги устидаги ҳаво ҳудудининг бир қисмида фуқаролик авиацияси учун вақтинча чекловлар жорий қилинган.

Шунингдек, контрабанда учун мўлжалланган ҳаво шарлари Беларусдан Литвага ҳам мунтазам равишда учиб ўтади. Шарлар келтириб чиқарадиган хавф сабаб Вилнюс аэропорти фаолияти бир неча бор вақтинча тўхтатилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид