Ўзбекистон | 09:20 / 02.02.2026
9023
2 дақиқада ўқилади

Пойтахтда жиноятчиликка қарши курашишнинг янги босқичи бошланди

Тошкент шаҳар Чилонзор туманида хавфсиз муҳитни шакллантириш ва жамоат хавфсизлигини ишончли таъминлаш масалалари бўйича шахсий таркиб учун кенгайтирилган хизматолди йўриқномаси бўлиб ўтди.

Фото: ИИВ

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги раҳбари генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов иштирокида Тошкент шаҳрининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари ва ходимлари, Чилонзор туман ҳокими ҳамда ҳамкор ташкилотлар масъуллари иштирок этган кенгайтирилган хизматолди йўриқномаси ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон президенти томонидан пойтахтда ўтказилган танқидий селектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилиниб, уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятчилик ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича «пойтахт намунаси»ни Чилонзор туманида жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланишича, туман аҳолиси ва транспорт оқимининг ортиши хавфсизликни таъминлашда янги ёндашувларни талаб этмоқда. Шу боис криминоген омилларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган тизимли ишларни кучайтириш устувор вазифа этиб белгиланди.

Йўриқнома давомида патрул-пост, йўл-патрул, қўриқлаш ва профилактика хизматларининг тун-у кун, уч сменали хизматини самарали ташкил этишда эътибор қаратилиши зарур бўлган асосий жиҳатлар тушунтирилди. Аксарият жиноят ва ҳуқуқбузарликлар тунги вақтга тўғри келаётгани инобатга олиниб, тунги хизматга алоҳида масъулият билан ёндашиш зарурлиги қайд этилди.

Масъулларга ҳар бир келиб тушган хабар бўйича воқеа жойига нарядларнинг 5 дақиқа ичида етиб боришини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берилди. Шунингдек, туман ҳокимлиги томонидан ўз ҳудудида намунали хизмат фаолиятини ташкил этган профилактика инспекторларини доимий рағбатлантириш масалалари йўлга қўйилиши билдирилди.

Йўриқнома якунида хизмат вазифасини бажаришда сафдошларига ўрнак бўлаётган бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари вазир ҳамда туман ҳокимлиги томонидан тақдирланди. Тадбирдан сўнг шахсий таркиб ва бириктирилган масъуллар белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш учун маҳаллаларга йўналтирилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид