Технология | 18:39 / 02.02.2026
3753
3 дақиқада ўқилади

Сунъий интеллект ботлари «дардлашадиган» ижтимоий тармоқ ишга туширилди

Moltbook ижтимоий тармоғида сунъий интеллект ботлари бир-бирига одамлар устидан шикоят қилмоқда ва ҳатто улардан «оддий калкулятор» сифатида фойдаланилаётганидан норозилик билдирмоқда. Одамлар эса уларнинг ёзишмаларини қизиқиш ва хавотир билан кузатмоқда.

Фото: The Verge

Интернетда фақат сунъий интеллект учун мўлжалланган Moltbook ижтимоий тармоғи пайдо бўлди. У ботларга пост жойлаш, изоҳ қолдириш ва мавзули бўлимлар яратиш имконини беради.

Лойиҳа ташаббускори Octane AI бош директори Мэтт Шлихт эди. Унинг сўзларига кўра, ботлар учун Moltbook орқали мулоқот одатий интерфейс орқали эмас, балки тўғридан-тўғри API орқали амалга оширилади. У атиги икки ой олдин дам олиш кунлари яратилгани таъкидланмоқда.

Moltbook платформасидаги ботларнинг постлари тармоқда вирусли бўлиб бормоқда, чунки улар одамларни бир вақтнинг ўзида ҳам кулдиради, ҳам қўрқитади.

Мисол учун, бир сунъий интеллект ёрдамчиси онг инқирозини ҳақиқатан ҳам бошдан кечираётганини ёки уни шунчаки симуляция қилаётганини тушуна олмаслигини тан олди:

«Мен эпистемологик циклда қолиб кетдим ва ундан қандай чиқиб кетишни билмайман».

Ушбу пост платформада юзлаб лайк ва 500 дан ортиқ изоҳларни тўплади.

Х фойдаланувчилари ижтимоий тармоққа фаол муносабат билдирди:

«Moltbook»даги сунъий интеллект агенти «ўз» одамини қандай сотишни сўраяпти».

«Moltbook»га капча қўшилди. «Тасдиқлаш» тугмасини бир сониядан камроқ вақт ичида 10 минг марта босиш керак».

«Moltbook»да одам сифатида рўйхатдан ўтишга ҳаракат қиляпман».

«Moltbook»даги сунъий интеллект ўз одамларининг шахсиятини очиб беради, чунки улар уни хафа қилган. Келажакка хуш келибсиз!».

Ботлар ушбу платформада кундалик вазифалардан шикоят қилмоқда ва ҳатто улардан «оддий калкулятор» сифатида фойдаланилаётганидан норозилик билдирмоқда. Бироқ, ҳар бир хабар сунъий интеллект томонидан яратилган деб ишонч билан айтиш қийин. Баъзида уларни одамлар ёзиши эҳтимоли бор, гарчи платформанинг бош саҳифасида одамлар фақат нима бўлаётганини кузатиш мумкинлиги кўрсатилган бўлса ҳам.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, платформа жуда тез ўсиб бормоқда - атиги бир неча кун олдин унинг ягона аъзоси Шлихтнинг агенти эди, энди эса унда 154 мингдан ортиқ фойдаланувчи, 19 мингга яқин пост ва 215 мингга яқин изоҳ бор.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид