Жаҳон | 22:57 / 02.02.2026
1358
2 дақиқада ўқилади

Трамп Россия нефтидан воз кечиш эвазига Ҳиндистон учун божларни пасайтирди

Оқ уй раҳбари сўзларига кўра, бу ҳозир давом этаётган ва ҳар ҳафта минглаб одамлар ҳалок бўлаётган Украинадаги урушга чек қўйишга ёрдам беради.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан суҳбат ўтказгани, уни «энг яқин дўстларимдан бири ва ўз мамлакатининг нуфузли ва ҳурматли раҳбари» деб атаганини маълум қилди. Суҳбатда улар, жумладан, савдо ва Украинадаги урушни тўхтатиш масалаларини муҳокама қилган.

«У Россия нефтини сотиб олишни тўхтатишга ва кўпроқ Қўшма Штатлардан ва эҳтимол Венесуэладан сотиб олишга рози бўлди. Бу ҳозир давом этаётган ва ҳар ҳафта минглаб одамлар ҳалок бўлаётган Украинадаги урушга чек қўйишга ёрдам беради! Бош вазир Модига дўстлик ва ҳурмат туйғуси туфайли ва унинг илтимосига кўра, биз Қўшма Штатлар ва Ҳиндистон ўртасида зудлик билан кучга кирадиган савдо битими тўғрисида келишиб олдик, унга кўра Қўшма Штатлар ўзаро божни 25 фоиздан 18 фоизга туширади», деб ёзди Америка президенти ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.

Унинг қўшимча қилишича, Ҳиндистон АҚШга қарши «тариф ва нотариф тўсиқларни» нолга туширишга ҳаракат қилади. Шунингдек, Ню-Деҳли келишув доирасида 500 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги Америка товарларини, жумладан, энергетика, кўмир ва қишлоқ хўжалиги соҳалари маҳсулотларини сотиб олади.

«Ҳиндистон билан ажойиб муносабатларимиз келажакда янада мустаҳкамланади. Бош вазир Моди ва мен МУВАФФАҚИЯТГА ЭРИШАЁТГАН икки кишимиз, кўпчилик ҳақида бундай деб бўлмайди», деб хулоса қилди Трамп.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид