Жамият | 15:41 / 03.02.2026
2241
2 дақиқада ўқилади

Камбағаллик чегарасидаги оилаларга нафақа ва ёрдам 6 ойга тайинланади

Қарор билан “Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Унга кўра, камбағаллик чегарасидаги оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам мазкур тоифага киритилган (ўтказилган) ойдан кейинги 6 ой учун тайинланади.

Фото: Kun.uz

Низомда белгиланишича, болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш учун ариза давлат хизматлари маркази ёки ижтимоий ходим орқали топширилади. Шунингдек, “ЯМИҲ” ахборот тизими, ЯИДХП ёки “Ижтимоий карта” мобил иловаси орқали мустақил равишда мурожаат қилиш ҳам мумкин.

Ҳар бир оила ойига 1 марта болалар нафақаси ва моддий ёрдам учун мурожаат қилиши мумкин. Ойнинг 16-санасигача тақдим этилган аризалар шу ойда, 16-санадан кейин берилган мурожаатлар эса кейинги ойда кўриб чиқилади.

Агар нафақа ёки моддий ёрдам тайинлашни рад этиш учун асослар аниқланмаса, тўлов ариза кўриб чиқилган ойдан кейинги ойдан “Ягона реестр” ахборот тизимида автоматик тарзда тайинланади ва тўланади.

Шунингдек, “давлат таъминотидаги оила” ва “камбағал оила” тоифасидаги оилаларга нафақа ва моддий ёрдам улар мазкур тоифадан чиққунига қадар тайинланиши қайд этилди. Болалар нафақаси ва моддий ёрдам миқдори эса қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид