Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинада минус 30 даража совуқ бўлиши кутиляпти
Украина шимолида ҳаво ҳарорати -30°C гача тушиши мумкин. Метеорологлар айтишича, бу қишда анча узоқ давом этадиган совуқлар даври бўлиши мумкин. РФ Украинани қайтадан ўққа тута бошлади.
Украинада — деярли тўрт йилдан бери Россиянинг тўлақонли босқинига қарши ҳимояланиб келаётган мамлакатда қаттиқ совуқлар кутиляпти. Мамлакат шимолидаги Суми ва Чернихив вилоятларида ҳаво ҳарорати -30 даражагача пасайиши мумкин. Бу ҳақда душанба, 2 феврал куни “РБК-Украина” Укргидрометмарказ метеопрогнозлар бўлими раҳбари Наталя Голеняга таяниб хабар қилди.
Аввалги кечада Украина шимолида ҳаво ҳарорати -29°C гача тушган. Демак, ҳозирги совуқлар икки ҳафта олдин кузатилган совуқлардан ҳам кучлироқ. Улар яна икки сутка давом этади, шундан кейин қисқа муддатли илиш кутиляпти — мамлакатнинг катта қисмида кундуз куни ҳаво ҳарорати 0°C гача ёки мусбат қийматларга кўтарилади. 8 февралдан эса яна совуқлар кучайиши кутилмоқда.
Нашр қайд этишича, Украинада қаттиқ совуқлар кам учрайди, бу қишнинг ўзига хос жиҳати эса унинг узоқ давом этиши бўлиши мумкин.
“2012 йилда Киев вилоятидаги Баришевкада -32 даража қайд этилган. Киевнинг ўзида ўшанда -26,8 бўлган”, — деб эслатди Голеня. Унинг сўзларига кўра, бу қишда ўртача суткалик ҳарорат нолдан паст бўлган энг узоқ давр қайд этилиши мумкин. “Эҳтимол, кетма-кет икки ой мобайнида ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан паст бўлади”, — деб қўшимча қилди метеоролог.
Шу куни Россия Украинанинг энергетик инфратузилмасига қайтадан зарба беришни бошлади ва шу билан тўрт кун олдин эълон қилинган “энергетик сулҳ”ни бузди. 2 февралга ўтар кечаси Россия қўшинлари Харкив, Суми, Днипропетровск ва Черкасск вилоятларидаги энергетика объектларига ҳужум қилганини Украина энергетика вазири биринчи ўринбосари Артём Некрасов билдирди.
Унинг айтишича, зарар кўрган энергообъектларда тиклаш ишлари давом этяпти, энергетика тизимининг барқарор ишлаши учун барча имкониятлардан фойдаланилмоқда. Вазирлик маълумотларига кўра, қувват танқислиги Киев ва Киев вилоятида ҳам сақланиб қолмоқда. Шунингдек, оғир об-ҳаво шароити сабаб Одесса, Миколайив ва Кировохрад вилоятларида 160 дан ортиқ аҳоли пунктлари электр таъминотисиз қолган.
Айни пайтда вазир ўринбосари Днипропетровск вилоятида энергетика соҳаси ходимларига қаратилган мақсадли ҳужум ҳақида ҳам маълум қилди: Россия томони олдинги куни Павлохрад туманидаги “Терновская” шахтаси яқинида жойлашган энергия корхоналардан бирининг хизмат автобусини дронлар билан урган. Натижада шахтанинг 16 нафар ходими ҳалок бўлган, яна 14 нафари яраланган. 2 феврал куни кундузи Россия томони ўша корхонага иккинчи марта ҳам зарба берган, маъмурий бинолар шикастланганини ДТЭК энергетика компанияси маълум қилди.
Украина президенти Володимир Зеленский энергетика масалалари бўйича ўтказилган йиғилиш якунларига кўра, 31 январ кунги авариядан кейин мамлакат энерготизими барқарорлашганини билдирди. “Россия армияси, олдинги кунларда бўлгани каби, логистикамизга, аввало темирйўлга қарши эътибор қаратяпти. Хусусан, Днипро вилояти ва Запорижжяда зарбалар бўлди — айнан темирйўл объектларига”, — деб ёзди Зеленский Telegram’да. У, шунингдек, Киевда 200 дан ортиқ уй ҳали ҳам иситишсиз қолаётганини хабар қилди.
Мавзуга оид
22:09 / 08.06.2026
«Газпром» Ўзбекистонга экспортни 15 фоизга оширганини маълум қилди
20:34 / 08.06.2026
Хоминаий ўлдирилгач, Россияда Путинни қўриқлаш учун яратилган кузатув тизими ўчириб қўйилди
20:04 / 08.06.2026
Киевга Зеленский билан учрашувга борган россиялик тадбиркор Роман Абрамович бўлиб чиқди
18:06 / 08.06.2026