Спорт | 12:34
5066
10 дақиқада ўқилади

«Арсенал» финалга чиқди, «Албасете» «Барса»га ҳам муаммо туғдирди. Кун ўйинлари

«Челси» яримфиналнинг ҳар икки ўйинида «Арсенал»га ютқазди. «Барселона» «Реал»ни турнирдан чиқариб юборган жамоа тўсиғидан ўтди.

Англия лигаси кубоги, яримфинал, жавоб учрашуви
«Арсенал» – «Челси» 1:0
Гол:
Ҳаверц, 90+7 (1:0)
«Арсенал»: Аррисабалага, Салиба, Габриэл Магаляйнс, Инкапие, Тимбер, Субименди, Райс, Эзе, Мартинелли, Мадуэке (Троссар, 69), Йокереш (Ҳаверц, 69)
«Челси»: Санчес, Чалоба, Ҳато (Палмер, 60), Фофана, Фернандес, Сантос (Гарначо, 75), Кайседо, Кукуреля, Гюсто (Ачимпонг, 87), Делап (Эстевао, 60), Жоао Педро
Огоҳлантиришлар: Делап, 56. Гюсто, 68. Эстевао, 71
(Биринчи ўйин 3:2)

«Арсенал» ҳам, «Челси» ҳам кенг захира ўриндиғига эга ва бу омил жамоаларга барча турнирларда ғолиблик учун курашишга имкон беради. Англия лигаси кубоги Лиам Росениорга жамоадаги дастлабки ойларидаёқ совриндор бўлиш учун имконият эди, Микел Артета эса бу мавсумда квадруплга эришишни кўзлаган.

Яримфиналнинг 14 январ куни «Стэмфорд Бриж»да ўтган биринчи ўйини голларга бой бўлганди – «канонирлар» 49-дақиқага келиб 2:0 ҳисобида олинга чиқиб олган, аммо мезбонлар футболчи алмаштиришлар эвазига ўйинга интрига қайтарган, аммо «Арсенал» якунда барибир 3:2 ҳисобидаги ғалаба билан қайтганди.

Ўтган уч ҳафта ичида Артета шогирдлари кичик инқирозни бошдан кечирганди. Жамоа АПЛда қаторасига уч ўйинда ғалаба қозона олмади, аммо ўтган ҳафта охирида «Лидс»ни йирик ҳисобда мағлуб этиб, ўзига бўлган ишончни тиклаб олди. «Челси»да эса, аксинча, бу оралиқ жуда кучли ўтказилди: барча турнирлар доирасида қаторасига беш ғалаба. Чемпионлар лигасида ҳам жамоанинг ишлари жойида кетмоқда – жамоа сўнгги турда Неаполда иродали ғалабага эришиб, 1/8 финалга тўғридан тўғри йўлланмага эга бўлди.

«Арсенал» «Эмирейтс»даги жавоб ўйини арафасида Сака ва Эдегор каби етакчиларидан айрилди. Шу фонда жамоаларнинг имкониятлари деярли тенг баҳоланаётганди. 

Артета ўз ихтиёридаги оптимал таркибни туширди. Росениор эса уч марказий ҳимоячидан иборат тактика танлади, олдинги чизиқда фақат Делап ва Жоао Педро жуфтлиги ҳаракат қилди (3-5-2).

Жамоаларнинг биринчи ўйинида тезкор гол урилган, Уайт 7-дақиқадаёқ «Арсенал»ни ҳисобда олдинга олиб чиққанди. Аммо жавоб учрашувининг биринчи бўлими мухлислар учун анча зерикарли кечди. Мезбонлар ўйиннинг кўпроқ вақтида тўпга эгалик қилишди, аммо ҳисобдаги устунликдан келиб чиққан ҳолда тўлиқ куч билан олдинга боришмади. Меҳмонлар мураббийи тезкор қарши ҳужумларга таянишни режалаштирганди, аммо «Арсенал» бундай вазиятла яратишга имкон бермади.

Дастлабки 45 дақиқаликда жамоаларда фақат иккита ёрқин вазият юзага келди. Дастлаб 19-дақиқада «Арсенал» ҳимоячиси Пиеро Инкапие кутилмаганда чап қанотдан рақиб жарима майдонига кириб бориб, олис бурчакка чиройли зарба йўллади, аммо Роберт Санчес зарбани қайтарди. Тўп Габриэл Магаляйнсга келиб тушганди, аммо бразилиялик ҳимоячи тўпни сақлаб қола олмади.

Бўлим охирида эса Энцо Фернандес жавоб қайтарди. «Челси» яримҳимоячиси тахминан 25-27 метр масофадан зарба йўллади. Шу куни асосий дарвозабон Райя ўрнига тушган Кепа Аррисабалага эса ишончни оқлаб, тўсин остига йўл олган тўпни қайтариб қолди.

Танаффусдан кейин «Челси» ҳисобда олдинга чиқиб олиши мумкин эди. 48-дақиқада Лиам Делап бурчак зарбасидан кейин юзага келган имкониятдан фойдалана олмади. Кейин эса майдонда қўполликлар ва тўқнашувлар бошланиб кетди. Бунда қисман ўйин бош ҳаками Питер Бэнкснинг ҳам ҳиссаси бор: у футболчиларнинг ҳиссиётларини ўз вақтида бостира олмади ва бир неча эпизодларда меҳмонлар фойдасига қарор чиқарди.

Ўйиннинг бир соати ортда қолганида Лиам Росениор захира имкониятларини ишга солишга киришди. У бир ҳимоячини олиб, схемани ўзгартирди ҳамда Палмер ва Эстеваони майдонга ташлади, кейинроқ ўтган учрашув қаҳрамони Гарначо ҳам ўйинга қўшилди. Аммо бу билан ўйинда жиддий ўзгариш рўй бермади. «Челси» вазиятлар яратишда қийналишда давом этди, «Арсенал» эса кучли прессинг уюштириб, рақибнинг ҳужумларини илк босқичдаёқ бўғиб қўя бошлади.

81-дақиқада минуте Эстевао меҳмонлар учун хавфли жарима зарбаси ишлади. Аммо Палмер тепган тўп жонли девордан ўтмади. Бу меҳмонларнинг ўйиндаги охирги вазияти бўлиб қолди.

Сўнгги дақиқаларда «Челси» битта гол уриш ва ўйинни пеналтилар сериясига олиб ўтиш умидида тўлиқ куч билан олдинга ташланди. Аммо Артета шогирдлари ҳимояда тартибли ҳаракат қилишди ва рақибга ҳеч қандай имкон қолдиришмади. 90+7-дақиқада эса мезбонлар қарши ҳужумда ғалаба голини уриб кетишди. Иккинчи бўлимда захирадан тушган Кай Ҳаверц Райснинг узатмасидан кейин дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бориб, уни алдаб ўтди ва бўш дарвозани ишғол этди.

Ҳаверц ўз вақтида «Челси» сафида ўйнаган финалда ғалаба голини уриб, жамоани Чемпионлар лигаси ғолибига айлантирган. Кейин эса «Арсенал»га трансфер қилинган, у сўнгги бир йил давомида оғир жароҳат туфайли деярли ўйнамаганди. Германиялик ҳужумчи фақат 28 январ куни ЕЧЛда «Қайрат»га қарши ўйинда бошланғич таркибга қайтиб, гол ва голли пас муаллифи бўлганди. Энди эса у сўнгги дақиқада ғалаба голини уриб, жамоасини Англия лигаси кубоги финалига олиб чиқмоқда.

Эътиборли жиҳати, голдан кейин «Челси» собиқ футболчиси трибунадаги мухлисларга кўкрагидаги «Арсенал» эмблемасини кўрсатди.

Артета эса «Челси» билан ўйинлардаги мағлубиятсиз сериясини давом эттирди (10 ўйин). Энди «Арсенал»нинг финалдаги рақиби бугун оқшом «Манчестер Сити» ва «Нюкасл» ўртасидаги жавоб учрашувида аниқланади (биринчи ўйинда «шаҳарликлар» 2:0 ҳисобида устун келганди).

Испания: Ямалнинг серияси

«Албасете» – «Барселона» 1:2
Голлар:
Ямал, 39 (0:1). Араухо, 56 (0:2). Морено, 87 (1:2)
«Барселона»: Х. Гарсия, Араухо (Кунде, 78), Э. Гарсия, Мартин, Жоау Канселу (Кубарси, 46), де Йонг, Бернал (Фермин Лопес, 66), Олмо, Рэшфорд (Касадо, 66), Ямал, Левандовски (Торрес, 66)
Огоҳлантиришлар: Жоау Канселу, 15

Албасетедаги ўйин кўпчиликнинг диққат марказида эди. Биринчидан, ушбу шаҳарча жамоаси Испания кубогининг олдинги босқичида «Реал»ни турнирдан чиқариб юборганди. Ўша вақтда жамоа Сегундада аутсайдер мақомида эди, аммо бу муваффақиятдан шу қадар руҳландики, шундан кейин уч ғалабадан иборат серия қайд этиб, турнир жадвалида 12-ўринга кўтарилиб олди. Энди жамоани хавфли ҳудуддан саккиз очко ажратиб турибди, шундай экан, Алберто Гарсия жамоасининг руҳий ҳолати яхши эди.

Мадриднинг хатоларидан хулоса чиқариши керак бўлган «Барселона» эса илк дақиқалардан ташаббусни қўлга олди, аммо ҳадеганда рақибнинг тиғиз мудофаасидан ўта олмади. Вазиятлардан бирида Дани Олмо ҳимоячилар ортига очилган Рэшфордни ажойиб пас билан таъминлаганди, аммо ҳужумчининг зарбаси дарвоза соҳасига тўғри бормади. Бироз ўтиб айнан Маркус меҳмонларнинг биринчи бўлимдаги ягона голли ҳужумида ҳал қилувчи роллардан бирини ўйнади.

Бўлим охирида кўк-анорранглилар майдоннинг иккинчи қисмида кучли босим уюштирди ва тўпни олиб қўйди. Рэшфорддан тўпни қабул қилиб олган Френки де Йонг эса Ямални голли пас билан таъминлади. 18 ёшигача «Барса» сафида аллақачон 135 ўйинда майдонга тушган Ламин учун бу гол алоҳида аҳамиятга эга бўлди — ёш форвард фаолиятида илк бор қаторасига тўрт ўйинда голли ҳаракат амалга оширмоқда. Унинг серияси бундан ҳам узунроқ бўлиши мумкин эди, аммо у дисквалификация туфайли ЕЧЛда «Славия»га қарши ўйинда қатнаша олмаганди.

Рэшфорд эса иккинчи голда ҳам асосий ишни бажариб, бурчак зарбасидан кейин тўпни Араухонинг бошига қўндириб берди.

Ўтказилган иккинчи голдан кейин йўқотадиган нарсаси қолмаган мезбонлар ҳужумга ўтишди. «Реал»га икки гол урган Хефте Бетанкор жарима майдонида Араухони алдаб ўтди, аммо унинг зарбаси дарвоза соҳасига тўғри бормади. Бироз ўтиб унинг бир неча метр масофадан туриб бошда йўллаган зарбаси ҳам тўсин юқорисидан ўтиб кетди. У дарвозани ишғол этганда эса офсайд халақит қилди.

Фақат ўйин охирига бориб Морено ҳисобни қисқартирди ва ўйин якуни каталонияликлар учун асабий кечишини таъминлади, сўнгги дақиқаларда Мартин дарвозага кириб кетаётган тўпни бошда қайтариб қолиб, «Барса»ни овертаймлардан қутқариб қолди. Сенсация рўй бермади ва каталонияликлар ўз юришини давом эттирадиган бўлди.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев

Мавзуга оид