Ўзбекистон | 15:28 / 04.02.2026
1124
2 дақиқада ўқилади

Малайзия Тошкент вилоятида голф-курорт қуришни таклиф қилди

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг Spora Global Sdn Bhd компанияси ижрочи директори Фио Фаҳми билан учрашди. Унда Тошкент вилоятида халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий голф-курорт мажмуасини барпо этиш бўйича инвестиция таклифи муҳокама қилинди.

Фото: “Дунё” АА

Учрашувда Малайзия компанияси раҳбари Тошкент вилоятида жаҳон даражасидаги голф курорти барпо этиш лойиҳасини тақдим этди. Лойиҳа доирасида профессионал голф майдони, голф клуби биноси, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар, замонавий турар жой бинолари, ресторан ва соғломлаштириш мажмуаси, аквапарк ҳамда қишки мавсум учун чанғи иншоотларини қуриш режалаштирилган.

Қайд этилишича, мазкур ташаббус ҳудудда спорт инфратузилмасини ривожлантириш билан бирга, вилоятнинг туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Инвесторлар лойиҳани Тошкент вилояти ҳокимлиги билан давлат-хусусий шериклик асосида, жумладан қўшма корхона ташкил этиш орқали амалга оширишни таклиф этди.

Фио Фаҳми яқин кунларда компания раҳбарияти ва мутахассисларидан иборат делегация ушбу лойиҳани амалга ошириш имкониятлари ҳамда жойлашувини батафсил ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюришини маълум қилди.

Маълумот учун, Spora Global Sdn Bhd 2012 йилда ташкил этилган бўлиб, меҳмонхона ва курортларни лойиҳалаш, қуриш, бошқариш, таъмирлаш ва дизайн қилиш билан шуғулланади. Компания Сингапур, Австралия, Ветнам, Индонезия, Янги Зеландия ва Шотландияда голф клубларини бошқаради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид