Жаҳон | 10:18
1805
2 дақиқада ўқилади

Абу-Дабида Украина бўйича музокараларнинг биринчи куни якунланди

Абу-Дабида 4 феврал, чоршанба куни Россиянинг Украинага қарши тажовузкор урушига барҳам бериш масаласига бағишланган Россия, АҚШ ва Украина ўртасидаги уч томонлама музокараларнинг биринчи куни якунланди. Маслаҳатлашувлар 5 феврал куни давом эттирилади.

Фото: SNA/IMAGO

Украиналик (исми айтилмаган) амалдор Axios нашри билан суҳбатда муҳокамаларни самарали деб атаган. Музокаралар ёпиқ форматда ўтмоқда.

Россия делегациясига Бош штаб Бош бошқармаси раҳбари адмирал Игор Костюков бошчилик қилмоқда. Украина делегацияси раҳбари — МХМК котиби Рустем Умеров. АҚШ томонидан музокараларда АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф, Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер ва АҚШ армияси вазири Дэниел Дрисколл иштирок этмоқда.

Politico нашри украиналик ва америкалик амалдорларга таяниб хабар беришича, муҳокамаларнинг марказий мавзуси ҳудудий масала ҳисобланади.

Абу-Дабида Москва ва Киев вакиллари АҚШ таклиф этган, Россиянинг Украинага қарши урушига нуқта қўйиш режаси бўйича илк бор тўғридан тўғри музокараларни 23 ва 24 январ кунлари ўтказган.

Музокараларга яқин манбалар маълумотларига кўра, томонлар аллақачон бир нечта бандлар бўйича келишиб олган, аммо ҳудудлар масаласида келишолмаган. Музокараларнинг биринчи раунди якунларига кўра, АҚШ давлат котиби Марко Рубио ҳал бўлмай қолаётган ягона масала — Донбасс эканини тасдиқлаган. Россия Донбассдан украин қўшинларини олиб чиқишни талаб қилмоқда, Киев эса бу талабни рад этмоқда.

Донбасс Украина ҳудудининг бир қисми ҳисобланади, аммо унинг айрим қисмлари Россия қўшинлари назоратида. Бундан олдин Украина президенти Володимир Зеленский ҳудудлар масаласи фақат унинг Россия президенти Владимир Путин билан шахсий учрашувида ҳал қилиниши мумкинлигини айтган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид