Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германияда мигрантларни тил курсларига қабул қилиш вақтинча тўхтатилди
ГФРда мигрантларни интеграция курсларига (жумладан, немис тили ўрганиладиган курсларга) қабул қилиш 2025 йил декабридан бери амалда тўхтатилган. Германия ИИВ маълумот беришича, аризалар ички текширувдан ўтказилмоқда.
2025 йил декабридан бери Германияда мигрантларни янги интеграция курсларига қабул қилиш амалда тўхтатилган. Бу курслар доирасида, хусусан, немис тили ўқитилади. 4 феврал, чоршанба куни Correctiv нашри хабар беришича, Қочқинлар ва миграция ишлари бўйича федерал идора (BAMF) бундай курсларда иштирок этиш учун топширилаётган янги аризаларни вақтинча маъқулламаяпти.
Бу ҳақда идоранинг 22 январ санасида тил курслари ташкилотчиларига йўлланган очиқ хатида айтилади, мазкур хат журналистлар қўлига тушган. Correctiv маълумотларига кўра, ташкилотчилар олдиндан огоҳлантирилмаган. Аксинча, уларга кутилмаганда, потенциал иштирокчиларнинг аризаларини кўриб чиқиш “номаълум муддатга” музлатилгани айтилган.
“90/Яшиллар иттифоқи” (Bündnis 90/Die Grünen) партиясининг депутатлик сўровига жавобда Германия Федерал ички ишлар вазирлиги интеграция курсларига қатнашиш учун аризалар “ички текширувдан ўтказилаётгани”ни аниқлаштирган. Шу билан бирга, ҳозирча “бу жараён қанча давом этишини ва қатнашишга рухсат бериш бўйича якуний қарор қачон қабул қилинишини аниқ айтиш мумкин эмас”, дейилади жавобда.
ГФРда амалдаги қонунчиликка кўра, айрим тоифадаги хорижликлар, жумладан қочқинлар ва меҳнат мигрантлари, Германияда узоқ муддат яшаган тақдирда интеграция курсларини ўташ ҳуқуқига эга.
Бошқа гуруҳлар — жумладан вақтинчалик ҳимоя мақомига эга Украина фуқаролари, бошпана сўровлари ҳали кўриб чиқилмаган шахслар, шунингдек мамлакатни тарк этиши керак бўлган, бироқ вақтинча қолишга рухсат олганлар (немисча: Duldung) — бўш ўринлар мавжуд бўлса, курсларга қабул қилиниши мумкин.
Германия халқ университетлари бирлашмаси (DVV) BAMF қарори сабаб юзага келган вазиятни “драматик” деб атади. Ташкилот вакилларига кўра, янги курслар қатнашчилар сони жуда чекланган ҳолда бошланмоқда, кўпчилик эса муддатлар бўйича ҳеч қандай тушунчага эга бўлмаган ҳолда кутишга мажбур.
“Биз кўряпмизки, одамларнинг тез интеграциялашувига амалда тўсиқ қўйиляпти ёки сабабсиз чўзиб юбориляпти”, — деди DVV вакили Саша Рекс.
Ассоциация маълумотларига кўра, бу айниқса ишни тезроқ топиш ва Германиядаги ҳаётга мослашишни истаган ёш украиналиклар томонидан қаттиқроқ ҳис қилинмоқда.
Мавзуга оид
17:32 / 19.06.2026
Туркияда ўлдирилган ўзбек аёллари: фожиа қаерда бошланяпти?
12:04 / 18.06.2026
Ўзбекистон ва Германия биринчи хонимлари инклюзив таълим масалаларини муҳокама қилди
21:45 / 17.06.2026
Audi янги авлод А6 Allroad’ни тақдим этди
20:04 / 17.06.2026