Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ироқ уруши: ёлғонлар, мақсадлар ва миллионлаб қурбон
2026 йил январида Америка қўшинлари Ироқнинг федерал ҳудудларини шов-шувсиз тарк этди. Фақат яримавтоном Курдистон вилоятида АҚШ ҳарбий базаси сақлаб қолинди. 20 йилдан ортиқ давом этган бу уруш Яқин Шарқни бутунлай ўзгартирди. Хўш, АҚШ аслида Ироққа қандай мақсадда бостириб кирган эди ва якунда нимага эришди? Бу тарк этиш нега АҚШ–Эрон зиддиятининг авж палласида рўй бермоқда?
Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар АҚШнинг Ироқдан чиқиши ортидаги реал сабаблар хусусида сўз юритади.
— АҚШ Ироққа бостириб киришида нимани сабаб қилди ва бу ўз тасдиғини топдими?
Камолиддин Раббимов: 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан сўнг АҚШ Яқин ва Ўрта Шарқ минтақасини, яъни мусулмон дунёсини тубдан ўзгартиришни ўзининг асосий стратегик мақсадларидан бири сифатида белгилади. Шу сиёсат доирасида 2001 йил октябр ойида Афғонистонга, 2003 йил март ойида эса Ироққа бостириб кирилди. Ироққа бостириб киришдан олдин АҚШ халқаро ҳуқуқ талаб қиладиган БМТ Хавфсизлик кенгаши рухсатини олмади ва бу масалани овозга ҳам қўймади. Чунки Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоларининг айримлари вето қўллашини биларди.
Шу сабабли АҚШ ҳуқуқий асос сифатида аввалроқ қабул қилинган, хусусан Ироқда оммавий қирғин қуроллари мавжуд бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гумонга таянган 1441-сонли резолюцияни келтирди. Шу билан бирга, халқаро рухсат олинмаган бўлса-да, АҚШ ҳукумати ички қонунчилигига мувофиқ Конгрессдан ҳарбий амалиёт учун розилик олди.
АҚШ томонидан илгари сурилган асосий даъво шундан иборат эдики, Саддам Ҳусайн яширин ва ноқонуний тарзда оммавий қирғин қуроллари, жумладан ядровий қурол ишлаб чиқармоқда ҳамда бу қуроллар глобал миқёсда катта фалокатга олиб келиши мумкин. Шу сабабли Саддам Ҳусайн режими ва унинг қўлидаги эҳтимолий ядровий салоҳият йўқ қилиниши кераклиги таъкидланди. Кейинчалик аниқланишича, узоқ йиллар давом этган халқаро санкциялар ва илмий-техник имкониятларнинг етишмаслиги сабабли Ироқ ядровий қурол дастуридан амалда аллақачон, яъни 1980-йилларнинг ўзида воз кечган эди. Шунга қарамай, Жорж Буш ва унинг вице-президенти Дик Чейни айрим мустақил тадқиқотчилар, таҳлилий марказлар ва давлат институтларига сиёсий босим ўтказгани ҳақидаги маълумотлар мавжуд. Мазкур босимнинг моҳияти шундан иборат эдики, Ироққа ҳарбий аралашув барибир амалга оширилади, бунинг учун эса Саддам Ҳусайнда оммавий қирғин қуроллари мавжуд деган даъвони асослаб бериш талаб қилинган. Бу жараёнда ҳақиқатни аниқлаш эмас, балки аллақачон қабул қилинган сиёсий қарорни оқлаш устувор бўлган.
2005–2006 йилларга келиб вазият тўлиқ ойдинлашди: Ироқда оммавий қирғин қуроллари мавжуд эмас эди. Саддам Ҳусайн армияси ҳам кутилганидан анча заиф бўлиб чиқди. АҚШ қўшинлари бостириб кириши билан ҳарбий тузилмалар тезда парчаланиб кетди ва натижада мамлакатда фуқаролик уруши бошланди. Ҳарбий аралашувдан сўнг АҚШ Ироқдаги аввалги сиёсий тизимни қулатиб, унинг ўрнида янги бошқарув моделини шакллантириш вазифасини олди. Жорж Буш Ироқда “Яқин Шарқ учун намуна бўладиган демократик давлат” барпо этилишини эълон қилди. Бироқ амалда бу сиёсат кутилган натижани бермади.
Ироқ аҳолиси таркибида шиалар тахминан 60 фоизни ташкил этгани сабабли, демократик сайловлар натижасида парламентда шиа сиёсий кучлари устунликка эга бўлди. Натижада ҳукумат раҳбарияти ҳам шиа сиёсий доиралари назоратига ўтди. Бу эса Эроннинг минтақадаги таъсирини кескин кучайтирди. АҚШ аралашувидан олдин Эроннинг асосий минтақавий иттифоқчиси Сурия бўлган бўлса, урушдан кейин Ироқ ҳам Эрон таъсир доирасига кирди. Бу ҳолат АҚШнинг минтақадаги анъанавий иттифоқчилари, хусусан Саудия Арабистони томонидан кескин танқид қилинди. Улар АҚШни Саддам Ҳусайн режимини ағдариш орқали, Эроннинг минтақавий мавқейини кучайтириб юборганликда айблади. АҚШ катта молиявий харажатлар қилди, минглаб ҳарбийларини йўқотди, бироқ минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлай олмади. Аксинча, вазият янада мураккаблашди.
Тарихий тажриба шуни кўрсатадики, ҳар қандай давлат учун мавжуд режимни қулатиш нисбатан осон, бироқ унинг ўрнида халқ томонидан қўллаб-қувватланадиган, легитим ва барқарор институтларга эга сиёсий тизимни шакллантириш – ниҳоятда мураккаб жараёндир. Бир вақтлар Совет Иттифоқининг Афғонистондаги тажрибаси бунга яққол мисол бўла олади. АҚШ ҳам Ироқда шундай мураккаб муаммога дуч келди ва бу вазифани тўлиқ уддалай олмади.
Шавкат Икромов: 2001 йил воқеаларидан олдин АҚШ сиёсий нутқида “ёвузлик ўқи” деган тушунча шаклланган бўлиб, унга Эрон, Ироқ ва Шимолий Корея киритилган эди. Бу давлатлар Қўшма Штатлар хавфсизлигига потенциал таҳдид сифатида баҳоланган. Ўша даврда Эрон билан муносабатлар кескин бўлса-да, кескинлик энг юқори даражада эмас эди. Шимолий Корея билан муносабатлар эса одатий, совуқ фон доирасида кечарди. 11 сентябр воқеаларидан сўнг АҚШ ўзининг асосий глобал вазифаси сифатида терроризмга қарши курашни белгилади. Расмий эълон қилинган мақсад – террорчи гуруҳларни йўқ қилиш ва келажакда АҚШга нисбатан таҳдидлар такрорланишининг олдини олиш эди. 2003 йил бошида ўтказилган сўровномалар натижасига кўра, АҚШ аҳолисининг 60 фоиздан ортиғи Ироққа нисбатан ҳарбий ҳаракатларни қўллаб-қувватлай бошлаган эди. Буш маъмурияти ушбу жамоатчилик кайфиятидан унумли фойдаланди.
Натижада, 2003 йил 19 мартдан бошлаб АҚШ бошчилигидаги коалиция Ироққа ҳарбий ҳужум бошлади. Қисқа муддат ичида Бағдод эгалланди ва Саддам Ҳусайн ҳокимияти ағдарилди. Ҳарбий аралашув учун икки асосий сабаб илгари сурилди: биринчидан, Ироқда оммавий қирғин қуроллари мавжудлиги ва уларни кенг миқёсда ишлаб чиқариш имконияти борлиги; иккинчидан, Ироқ халқаро террор ташкилотлари, жумладан “Ал-Қоида” билан алоқада экани ҳақидаги даъволар.
Ўша даврда АҚШнинг юқори лавозимли амалдорлари, жумладан Пентагон раҳбарияти ва давлат котиби Кондолиза Райс томонидан Ироқда оммавий қирғин қуроллари мавжудлиги ҳамда Бағдод режимининг террорчи гуруҳлар билан алоқалари борлиги ҳақида қатъий ва ишонч билан баёнотлар берилди. Бироқ 2004 йилга келиб бу даъволар ўз тасдиғини топмади: Ироқ ҳудудида оммавий қирғин қуроллари аниқланмади, “Ал-Қоида” билан алоқаларни тасдиқловчи ҳеч қандай ишончли далиллар ҳам топилмади.
Шу билан бирга, ўша даврда Исроил минтақадаги бир қатор давлатларни ўз хавфсизлигига таҳдид сифатида кўрарди. Бу рўйхатда Ироқ алоҳида ўрин эгаллаган. Гарчи 1980–1988 йиллардаги Эрон–Ироқ уруши даврида Ироқ айрим масалаларда Исроил билан билвосита ҳамкорлик қилган бўлса-да, барибир Бағдод минтақадаги энг кучли ҳарбий давлат сифатида қараларди. Ироқнинг ҳарбий ва иқтисодий салоҳиятининг ўсиши Исроил учун стратегик хавф сифатида баҳоланган. Бундан ташқари, Ливия, Сурия (Асад режими) ва Эрон ҳам потенциал таҳдид манбалари сифатида кўрилган.
2003 йилда АҚШнинг Ироққа бостириб киришини Исроил ҳукумати фаол қўллаб-қувватлагани, томонлар ўртасида разведка маълумотлари алмашилгани ҳақидаги маълумотлар мавжуд. Шу нуқтада асосий савол туғилади: агар оммавий қирғин қуроллари топилмаган бўлса, нега АҚШ Ироқдан чиқиб кетмади? Жавоб шуки, АҚШнинг чиқиб кетиш нияти бошидан мавжуд бўлмаган. Жорж Буш Ироқда “Яқин Шарқ учун намуна бўладиган демократик республика” барпо этилишини ваъда қилган эди. Бироқ орадан йигирма йилдан ортиқ вақт ўтганига қарамай, Ироқда на барқарор демократик тизим, на ҳатто мустаҳкам марказлашган давлат бошқаруви шакллантирила олди.
Фарҳод Каримов: “Ал-Қоида” масаласида АҚШ президенти Жорж Буш Саддам Ҳусайн режимини ушбу террор ташкилоти билан алоқада бўлишда айблаган. Хусусан, Ироқ “Ал-Қоида”ни ҳарбий ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлагани ҳақида даъволар илгари сурилган. Бироқ бу айбловларни тўлиқ ва ишончли тасдиқловчи далиллар ҳеч қачон топилмади.
Маълумки, “Ал-Қоида” ўша даврда АҚШ ва унинг иттифоқчилари учун асосий хавф манбаи сифатида қаралган ва 2001 йил 11 сентябр терактлари учун масъулиятни айнан шу ташкилот ўз зиммасига олган. Шу нуқтайи назардан, Саддам Ҳусайн режими “Ал-Қоида”нинг асосий молиячиларидан бири сифатида кўрсатилди. Аммо кейинги таҳлиллар бу даъволарни рад этди.
Аниқланишича, “Ал-Қоида” мафкуравий ва сиёсий жиҳатдан ҳам Саддам Ҳусайн ҳокимиятига душман бўлган. Ушбу ташкилот дунёвий ва миллатчи Бағдод режимини “исломий бўлмаган” тизим сифатида баҳолаган ва унга қарши чиққан. Шу сабабли Саддам Ҳусайн ва “Ал-Қоида” ўртасида мустаҳкам иттифоқ ёки яқин ҳамкорлик мавжуд бўлмаган. Буни Саддам Ҳусайннинг тақдири ҳам тасдиқлайди. 2003 йил март ойида Бағдод эгаллангач, Саддам Ҳусайн уч йил давомида яширинишга мажбур бўлди. У 2004 йилда қўлга олинди ва 2006 йилда қатл этилди. Агар Саддам Ҳусайн “Ал-Қоида” билан яқин иттифоқда бўлганида, мазкур ташкилот уни яшириш ёки ҳимоя қилишга уринган бўларди. Аксинча, айрим маълумотларга кўра, уларнинг Саддам Ҳусайнни қўлга олиш жараёнида билвосита қаршилик кўрсатмагани ҳам бу яқинлик йўқлигидан далолат беради. Бу ҳолатлар Жорж Буш маъмурияти томонидан илгари сурилган кўплаб айбловларнинг асоссиз эканини кўрсатади.
Кейинги йилларда “Ал-Қоида” фаолияти асосан бошқа ҳудудларга, жумладан Араб баҳори жараёнларидан сўнг Сурияга кўчди. У ерда ҳам ташкилот Башар Асад режимига қарши кураш олиб борди. Ҳолбуки, Асад режими Саддам Ҳусайн билан илгари яқин алоқада бўлган. Бундан ташқари, “Ал-Қоида” Эронга ҳам очиқ душманлик эълон қилган. Бу фактларнинг ўзи ҳам Саддам Ҳусайн ва “Ал-Қоида” ўртасида стратегик иттифоқ бўлмаганини яна бир бор тасдиқлайди. Ироқ эса иқтисодий ва геосиёсий жиҳатдан ниҳоятда муҳим давлат ҳисобланган.
У дунёдаги энг йирик энергия ресурсларига эга мамлакатлар қаторига киради: нефт ва газ захиралари бўйича минтақада етакчи ўринлардан бирини эгаллаган. Ҳарбий ва иқтисодий салоҳияти жиҳатидан Ироқ Эронидан кейин минтақадаги иккинчи қудратли давлат саналган. Бундан ташқари, Саддам Ҳусайн Исроилга нисбатан доимий равишда кескин ва таҳдидли позиция тутган. Шу сабабли АҚШнинг Ироққа қарши ҳарбий аралашуви фақат расмий эълон қилинган мақсадлар – терроризмга қарши кураш ва оммавий қирғин қуроллари масаласи билангина чекланмаган. Норасмий мақсадлар орасида минтақадаги кучлар мувозанатини ўзгартириш, Ироқдек қудратли ҳарбий давлатни заифлаштириш ва Исроил хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳам муҳим ўрин тутган.
Ироқнинг қулатилиши билан Исроил учун мавжуд бўлган йирик минтақавий таҳдидлардан бири бартараф этилди.
Суҳбатни тўлиқ YouTube'даги “Geosiyosat Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
14:16 / 13.06.2026
🔴 LIVE: АҚШ ва Эрон сулҳ ёқасида, Украина Россия ичкарисига кириб бормоқда | "Геосиёсат"
17:21 / 12.06.2026
Россия–Украина урушида фронт чизиғи: ташаббус ким томонда?
16:23 / 11.06.2026
Арманистон ҳукумати геосиёсий курсини ўзгартириш учун халқдан мандат олди — сиёсатшунослар
14:12 / 10.06.2026