Жамият | 08:25 / 06.02.2026
2787
2 дақиқада ўқилади

Наманганда ноқонуний меҳнат миграциясига қарши тезкор тадбирлар ўтказилди

Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Наманган шаҳрида хорижга ишга юборишни ваъда қилиб, фуқаролардан пул талаб қилган икки нафар шахс ушланди.

Наманган шаҳридаги консалтинг фирмаларидан бири раҳбари 2001 йилда туғилган маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, уни танишлари орқали Жанубий Корея давлатига ишга жойлаштириш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилган. У олдиндан 1,5 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Наманган шаҳрида фаолият юритаётган бошқа бир консалтинг фирма иш юритувчиси ҳам ўз танишлари орқали Тўрақўрғон туманида истиқомат қилувчи, 1998 йилда туғилган фуқарони Латвия давлатига ишга юборишни ваъда қилиб, 2 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Айни пайтда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фуқаролардан огоҳ бўлиш сўралади: хорижга ишга юбориш билан боғлиқ шубҳали таклифларга алданиб қолманг.

Мазкур масалада Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ҳамда чет элга ишга юбориш бўйича тегишли лицензияга эга хусусий бандлик агентликларига мурожаат қилиш тавсия этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид