Жаҳон | 21:59 / 06.02.2026
2994
3 дақиқада ўқилади

Россия Эронга камида 4,4 миллиард доллар нақд пулни яширин етказди – ОАВ

Эронга қарши санкциялар киритилганидан сўнг, Россия ушбу мамлакат ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун нақд пулда доллар етказгани таъкидланмоқда.

Фото: AFP

Россия 2018 йилда Америка санкциялари киритилгандан сўнг Эрон режимини қўллаб-қувватлаш учун 2,5 миллиард доллар нақд пулни яширинча етказди, деб хабар берди The Telegraph.

Бироқ, The Insider нашрининг аниқлашича, бунга қўшимча равишда 2018 йилда «Международный финансовый клуб» банки томонидан Эронга умумий қиймати 1,9 миллиард доллар бўлган яна бир нечта қўшимча нақд пул жўнатмалари амалга оширилган. Шундай қилиб, санкциялар киритилгандан кейин етказиб берилган умумий сумма камида 4,4 миллиард долларни ташкил этади.

Британия нашрининг ёзишича, Россия давлат «Промсвязбанк»и тўрт ой ичида камида 34 та партия пул етказган, ҳар бири 57 миллион доллардан 115 миллион долларгача. Тахминан 500 евролик банкнотларнинг деярли беш тоннаси Астрахангача поездда, сўнгра Каспий денгизи орқали кема орқали Эроннинг Амиробод портига ва ундан кейин темир йўл орқали Теҳронга, Эрон Марказий банкига етказилган.

The Telegraph таъкидлаганидек, биринчи таъминот 2018 йил 13 августда - Доналд Трамп Теҳронга қарши санкциялар тўғрисидаги фармонни имзолаганидан бир ҳафта ўтиб юборилган. ImportGenius хизмати томонидан тақдим этилган божхона ёзувларига кўра, пуллар Смирновская кўчасидаги «Промсвязбанк» Москва бўлимидан бевосита Эрон Марказий банкининг Мирдамад хиёбонидаги биносига юборилган. Банк 2017 йилда Кремль томонидан миллийлаштирилган ва «мудофаа саноати корхоналарига хизмат кўрсатиш учун ихтисослаштирилган банк»га айлантирилган эди.

The Telegraph билан суҳбатлашган экспертларнинг фикрича, бундай ўтказмалар бугун ҳам давом этаётган бўлиши мумкин - Эрондаги оммавий норозилик намойишлари ва Москва ва Теҳроннинг Украинадаги уруш учун «Shahed» типидаги дронлар ва «Fath-360» ракеталарини етказиб беришни ўз ичига олган ҳарбий ҳамкорлиги фонида.

«Промсвязбанк» Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Буюк Британия ва АҚШ санкциялари остида қолди. 2024 йилда банк қочқин молдовалик олигарх Илан Шор билан ҳамкорликда ишга туширилган А7А5 криптотоки билан боғлиқ можаро марказида қолди: Financial Times маълумотларига кўра, тўрт ой ичида токен билан боғлиқ Grinex биржаси орқали тахминан 9,3 миллиард доллар ўтган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид