Жаҳон | 11:06 / 06.02.2026
2134
4 дақиқада ўқилади

Туск: Полша ва Украина қуролни биргаликда ишлаб чиқаради

Киев ва Варшава қурол-яроғ ва ўқ-дориларни биргаликда ишлаб чиқариш бўйича декларацияни имзолади, деб хабар берди Доналд Туск. Киевга ташрифи чоғида у Полша Украинага МиГ-29 қирувчи самолётларини беришга тайёр эканини ҳам айтди.

Фото: Yuliia Ovsiannikova/Ukrinform/IMAGO

Полша ва Украина қурол-яроғ ҳамда ўқ-дориларни биргаликда ишлаб чиқариш бўйича декларацияни имзолади. Бу ҳақда Полша бош вазири Доналд Туск пайшанба, 5 феврал куни Киевда Украина президенти Володимир Зеленский билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.

“Биз декларацияни имзоладик ва бу шунчаки ниятлар эмас. Бу амалий ҳамкорликка ўтишдир. Бу — бир неча ойлар давомидаги мақсадимиз эди, — деди Полша ҳукумати раҳбари. — Биз бу ҳақда гаплашдик ва Полшада ҳам, Украинада ҳам корхоналарда мудофаа маҳсулотини қўшма ишлаб чиқариш ғояси ҳаётга татбиқ этилиши, технологиялар алмашинувини умуман мумкин бўлмай қолишига ёки уни қийинлаштириб қўядиган тўсиқлар бартараф этилиши учун анча саъй-ҳаракат қилдик”.

Ўз навбатида, Володимир Зеленский Украина ва Полша “дронлар ва бошқа қуроллар”ни биргаликда ишлаб чиқаришни режалаштираётганини аниқлаштирди. Унинг таъкидлашича, Россиянинг кенг кўламли ҳарбий босқинига тўртинчи йил қарши турган Украина “замонавий урушда қайси қурол ҳақиқатан ишлаши” борасида “энг катта тажриба”га эга.

Доналд Тускнинг айтишича, унинг мамлакати Украинага ўзининг МиГ-29 қирувчи самолётларини Украина дрон (учувчисиз аппаратлар) технологияларига алмашиш шарти билан беришга тайёр. “Мен биламанки, Украинага турли хилдаги ҳаво мудофааси воситалари, айниқса маълум турдаги ракеталар керак. Ҳамма нарсада ёрдам бера олмаймиз, аммо агар МиГ керак бўлса, Полша шу заҳотиёқ бу МиГни беришга тайёр”, — деди Полша бош вазири.

“Биз украин дронлари ҳақида гапиряпмиз, чунки Полшада дронларга қарши самарали мудофаа қурмоқчимиз”, — деб изоҳлади у. Туск ҳозирча Варшава самолётлар ўрнига Украина осмонини ҳимоя қилиш учун янада зарурроқ бўлган бошқа техника бериш-бермаслигига аниқ жавоб айта олмаслигини ҳам билдирди. “Аммо Полшага қайтишим биланоқ миллий мудофаа вазири билан гаплашаман ва душанбагача (9 феврал — таҳр.) президент Зеленскийга нималар мумкин эканини маълум қиламан”, — дея ваъда берди у.

Шу билан бирга Доналд Туск Варшава Россияга қарши мудофаа урушида Украинага ёрдам сифатида янги қурол етказиб бериш устида ишни давом эттираётганини маълум қилди. Кутилишича, Полша томонидан Украинага мўлжалланган навбатдаги — 48-пакетнинг қиймати қайта ҳисобда тахминан 47 млн еврони ташкил этади. Полша бош вазирининг айтишича, унга асосан зирҳли техника киради.

Полшанинг Қуролли кучлари Бош штаби декабр ойида Киев билан Украинага МиГ-29ни Украина дрон ва ракета ишлаб чиқариш технологияларига алмашиш эҳтимоли бўйича музокаралар олиб борилаётганини хабар қилган эди. Бироқ якуний қарор ҳали қабул қилинмагани, самолётларни топшириш эса НАТОнинг “Украинани қўллаб-қувватлаш ва алянснинг шарқий қанот хавфсизлигини таъминлаш сиёсати”нинг бир қисми бўлиши айтилган.

5 феврал куни Киевда Туск ва Зеленский музокараларининг яна бир мавзуси икки мамлакатнинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги бўлди. Хусусан, бу Украина ва Полшада энергетика тармоғини ривожлантириш масалаларига тааллуқли, деди Украина раҳбари.

У шундай қўшимча қилди: Украина ва Полша суюлтирилган газ етказиб бериш ҳажмларини ошириш устида ҳам иш олиб бормоқда. Зеленский, шунингдек, Полшага энергетика ускуналари, аввало генераторлар етказиб бергани учун миннатдорлик билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид