Жаҳон | 23:10 / 06.02.2026
1743
5 дақиқада ўқилади

Хитойнинг энг катта генераллари ишдан олинди. Нега?

Икки нафар юқори мартабали ҳарбийнинг бирдан лавозимдан олиниши Пекиндаги ҳокимият коридорларида жиддий бурилишлар кетаётганини кўрсатади. Хитой ёпиқ давлат бўлгани учун аниқ маълумот деярли йўқ, асосан тахминлар мавжуд. Хўш, қандай тахминлар? Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида шу ҳақда сўз борди.

— Хитойдаги генераллар алмашинуви нимадан дарак?

Анвар Йўлдошев: Хитойда қуролли кучларни бевосита Мудофаа вазирлиги бошқармайди. Армияни Коммунистик партиянинг Марказий ҳарбий кенгаши назорат қилади. Бу кенгашга Си Жинпинг раҳбарлик қилади. Унинг муовини – Жанг Юся яқинда ҳибсга олинди. У 75 ёшда бўлиб, тажрибали генерал, Си Жинпиннинг энг яқин ва ишончли ҳамкорларидан бири ҳисобланарди.

Бир йил аввал, ундан олдинги муовин коррупцияда айбланиб ҳибсга олинган эди. Манбаларга кўра, 2023 йилдан буён 30 нафар юқори мартабали генералдан атиги 7 нафари ўз лавозимини сақлаб қолган.

Жанг Юся билан бир вақтда, Бирлашган штаб бошлиғи Лиу Жэнли ҳам қўлга олинган. Шундай қилиб, икки нафар ниҳоятда юқори лавозимдаги ҳарбий шахс ҳибсга олинди.

Аввалги ҳолатларда одатда коррупция айбловлари илгари сурилган бўлса, бу сафар уларни АҚШга Хитойнинг ядро дастурига оид маълумотларни сотганликда айблашаётгани ҳақида тахминлар бор. Ҳақиқатан ҳам шундай айблов қўйилаётгани аниқ эмас, бу – тасдиқланмаган маълумот.

Айрим оммавий ахборот воситаларида бу шахслар Хитой раҳбариятига қарши давлат тўнтарувини тайёрлаган, деган тахминлар ҳам илгари суриляпти. Айтилишича, тўнтарувга оз вақт қолганда бу режа Хитой раҳбариятига маълум бўлган ва натижада улар ҳибсга олинган.

Хитой бугунги кунда дунёдаги энг йирик авторитар давлатлардан бири сифатида кўрилади. Уни кўпинча кучли, тез ривожланаётган ва қудратли давлат сифатида таърифлаймиз. Бироқ шунга қарамай, мамлакат ичида раҳбариятдан норози кучлар мавжуд.

Ҳозирда бу шахслар лавозимидан олиниб, уларнинг ортидан яна 20 нафардан ортиқ юқори лавозимли ҳарбийлар ҳам ишдан четлатилган ва ҳибсга олинган. Улар бўйича тергов ишлари давом этмоқда.

Камолиддин Раббимов: Бу мавзуда асосан миш-мишлар мавжуд, аниқ фактлар йўқ ва эҳтимол бўлмайди ҳам. Бунинг сабаби шундаки, Хитой бу борада расмий баёнот бермайди, айбловларни тасдиқловчи мустақил институтлар ёки шахслар ҳам мавжуд эмас. Хитойнинг ўта ёпиқ давлат эканини шу ҳолат тасдиқлайди. Аммо аниқ факт шуки, Си Жинпинг икки нафар энг юқори мартабали ҳарбий генералларни кутилмаганда, бир куннинг ўзида лавозимидан озод қилди.

Асосан икки асосий версия мавжуд. Биринчи версияга кўра, Си Жинпинг эҳтимол АҚШ билан, хусусан Тайван масаласи сабабли юз бериши мумкин бўлган эҳтимолий уруш олдидан ўз атрофини тозаламоқда. Яъни, нисбатан мустақил фикрловчи ёки урушга у ёки бу шаклда қарши бўлган шахсларни четлаштириб, уларнинг ўрнига ўзига содиқ кадрларни жойлаштирмоқчи. Иккинчи версияга кўра, Си Жинпинг ҳарбийлар ичида ҳокимият вертикалини янада кучайтирмоқда.

Шу билан бирга, яна бир эҳтимолий талқин ҳам бор: айрим генераллар Си Жинпинни ҳокимиятдан ағдаришга уринган бўлиши мумкин. Бу борада саволлар туғилади: агар шундай режа бўлган бўлса, нега улар ўз оилаларини олдиндан мамлакатдан чиқариб юбормаган ёки яқинларининг хавфсизлигини таъминламаган? Экспертлар бу саволга шундай жавоб беришади: агар оилада ғайриоддий ҳаракатлар, масалан, бир ёки икки киши мамлакатдан чиқиб кетса, бу дарҳол сигнал бўлиб хизмат қилган бўларди, яъни “нимадир режалаштирилмоқда” деган шубҳа пайдо бўларди. Шу маънода, деярли ҳар бир саволга мантиқий жавоб топиш мумкин.

Шу билан бирга, ҳақиқат шуки, Хитойда ҳозир қандайдир жиддий жараёнлар кетмоқда.

Бу жараёнлар Си Жинпиннинг ўзи бошлаган лойиҳа бўлиши ҳам мумкин, ёки ишдан олинган генералларнинг ташаббуси бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Қайси бири ҳақиқатга яқин эканини биз фақат вақт ўтиб, балки ойлар, балки йиллар ўтгач билишимиз мумкин. Одатда бундай масалалар ҳокимият алмашгач очиқланади. Аммо ҳозирча битта нарса аниқ: кўпчилик кўриб ва тушуниб турганидек, яқин йилларда АҚШ ва Хитой ўртасида Тайван масаласи сабабли жиддий тўқнашув эҳтимоли мавжуд.

Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов

Мавзуга оид