Иқтисодиёт | 09:32 / 07.02.2026
2870
1 дақиқада ўқилади

2027 йилдан сувдан фойдаланиш солиғи сув тежамкорлигига боғланади

Президентнинг “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2027 йилдан сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси ва сув тежовчи технологияларга бериладиган субсидиялар суғориладиган ерларнинг сув билан таъминланганлик ҳолатидан келиб чиқиб белгиланади.

Қарорга кўра, сув билан барқарор таъминланмаган ҳудудларда жойлашган суғориладиган ер майдонларида сув тежовчи технологиялар жорий қилинса, ажратиладиган субсидиялар 1,25 оширувчи коэффициент қўлланган ҳолда ҳисобланади.

Сув билан барқарор таъминланган ҳудудларда эса сув тежовчи технологиялар жорий қилинмаган тақдирда, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробар оширилган миқдорда қўлланади.

Шунингдек, 2027 йилдан шоли етиштириладиган майдонларнинг сув кириш қисмига ҳамда балиқчилик хўжалиги ташкил қилинган ер майдонларининг сув кириш ва чиқиш қисмига тадбиркорлар ўз маблағларидан “ақлли” сув ўлчаш ва ҳисоблаш воситаларини ўрнатиши мажбурий этиб белгиланади.

Бунда мазкур “ақлли” воситалар ўрнатилмаган ҳолатларда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробарга оширилган миқдорда ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид