Жаҳон | 15:42 / 07.02.2026
1617
2 дақиқада ўқилади

Эстония Россиядан уруш иштирокчиларини Шенгенга киритмайди

Таллин Москва томонида туриб Украинага қарши урушда қатнашган яна 1073 нафар россияликнинг Шенген ҳудудига киришини тақиқлади. Бу қарор умумий хавфсизлик манфаатларига жавоб беради, деб изоҳлади ички ишлар вазири Таро.

Фото: Isabelle de Pommereau/DW

Эстония Украинага қарши Россия олиб бораётган урушда Москва томонида қатнашган яна 1073 нафар россияликнинг Шенген ҳудудига киришини тақиқлади. Эстония ички ишлар вазири Игор Таро жума куни, 6 февралда айтишича, бу қадам «умумий хавфсизлигимиз манфаатларига жавоб беради». Унинг таъкидлашича, «Россиянинг Украинага қарши давом этаётган агрессияси — инсониятга қарши энг даҳшатли жиноятлардан бири».

Ички ишлар вазири қайд этишича, агрессия қилган давлат бунинг «баҳоси»ни тўлаши керак, у айниқса Евроиттифоқнинг Россияга нисбатан санкцияларини алоҳида таъкидлади. «Бундай бўлиши мумкин эмас: бугун одамларни ўлдирасан, эртага эса маданий Европада дам оласан», — деди у. Таронинг сўзларига кўра, у сўнгги пайтларда бу масалани Таллиннинг хорижий ҳамкорлари билан бўлган учрашувларда бир неча бор кўтарган. «Агрессорнинг юз минглаб аскарларини стоп-рўйхатга киритиш юкини биргаликда бўлишишимиз муҳим», — дея тушунтирди вазир.

Эстония январ ойи бошида Россия томонидаги уруш иштирокчиларига нисбатан Шенген ҳудудига кириш бўйича илк тақиқларни жорий этган эди. Ўшанда рўйхатга 261 нафар киши киритилган. Расмий Таллин Украинада жанг қилган россияликлар сонини тахминан 1,5 миллион деб баҳолайди, шулардан тахминан 640 минг нафари ҳали ҳам фронтда экани айтилмоқда.

Бир кун олдин Эстония ҳукумати Россия билан чегарадаги «Лухамаа» ва «Койдула» назорат-ўтказиш пунктлари орқали тунги ҳаракатни уч ойга ёпиш тўғрисида қарор чиқарган. Бу чора 24 февралдан кучга киради. Таллинда бу қарор «Россия томонидан келиб чиққан чегара ҳодисалари» билан изоҳланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид