Жамият | 11:09
2220
4 дақиқада ўқилади

“Ҳарвардда ўқимоқчиман”– 9 ёшида B2 сертификатини қўлга киритган болакай

Учкўприк туманидаги 24-умумтаълим мактабининг 3-синф ўқувчиси Шавкатжон Неъматжонов чет тилини билиш даражаси бўйича B2 сертификатини қўлга киритди. Шавкатжоннинг отаси газ сақлаш омборхонасида оператор, онаси эса ўқитувчи. “Келажакдаги орзум Ҳарвардда ўқиб, ота-онамни хурсанд қилиш”, дейди у.

Шавкатжон Неъматжоновнинг отаси Шуҳрат Жумабоевнинг айтишича, ўғли иккинчи уринишда B2 сертификатини қўлга киритган:

“Газ сақлаш омборхонасида оператор бўлиб ишлайман. Ойлик маошим унчалик ҳам катта эмас. Рўзғордан орттириб маошимдан фарзандларимнинг ўқиши учун алоҳида пул ажратаман.

Ўғлим Шавкатжон 2025 йилнинг декабр ойида чет тилини билиш даражаси бўйича иккинчи уринишда B2 сертификатига имтиҳон топшириб, ниҳоят ниятига эришди. Бу йил насиб қилса IELTSʼдан энг юқори балл бўлган тўққиз даражани олмоқчи. Бунинг учун ҳозирдан қаттиқ меҳнат қиляпти. Шавкатжонни биринчи синфдан бошлаб алоҳида ўқув курсларига берган эдик. Мана, кўриб турганингиздек, натижаси барчани хурсанд қилди.

Сертификатга имтиҳон топшириш учун Фарғона шаҳрига борганимизда ички ишлар ходимлари, ўша ердаги назоратчилар ўғлимни кўриб, “ким билан келдинг, нега бу қаторда турибсан?” деб ҳайрон бўлишди. Чунки Шавкатжон имтиҳонга келганлар орасида энг ёши эди. Ўғлим кулиб, “рухсатномам бор, мана ID картам, мен ҳам имтиҳон топширгани кираман”, деганидан кейин барчаси қувониб, “э, отангга раҳмат, баракалла ўғлим”, деб Шавкатжонни ҳаммадан олдинга, биринчи қаторга чиқариб қўйишди.

Шавкатжон оилада тўнғичи. Фарзандларимни билим олишга қизиқтириб, уларни руҳлантириб тураман. Тез-тез пойтахтга, Зомин тоғларига олиб бориб айлантириб келаман. Илмли бўлишлари учун қўлдан келганича шароит яратиб берганман.

Ота-онадан болага қанча эътибор бўлса, бола ўшанча қувонади, ўқишга қизиқиши ортади. Буни ўз тажрибамда синаб кўрдим. Шавкатжонни инглиз тили тўгарагига берганимизда қийинчиликларга ҳам дуч келди. Бошида сўз ёдлашга тили келмади. Кейин у барчасига кўникди.

Kun.uz сайтини кузатиб борамиз. Унда эълон қилинган олтиариқлик Азизбек Зайлобиддинов, қувалик Дилафруз Собированинг Ҳарвард университетларига қабул қилингани ҳақидаги видеоларни ўғлимга қўйиб бериб, “мана, ўғлим, шу инсонлар ҳам сизга ўхшаб ёшлигида қийналиб ўқиган. Мана, ҳозирги хурсандчилигини кўряпсизми? Сиз бундан ҳам яхши натижаларга эришасиз”, деб уни руҳлантираман”, дейди Шавкатжон Неъматжоновнинг отаси Шуҳрат Жумабоев.

“В2 даражадаги сертификатни қўлга киритишимда ота-онам, устозим Шаҳзодбек Раҳимов катта ҳисса қўшишди. Орзуларим кўп. Инглиз тилини янада мукаммал ўрганишда давом этаман. IELTS, яъни халқаро сертификат олиш учун ҳам имтиҳон топшираман яқинда. Президент мактабига кириб, астойдил тайёрланиб, Ҳарвардга 100 фоизлик грант билан ўқишга кирмоқчиман. Инсон астойдил интилса, орзу қилса, ниятига эришар экан. 9 ёшимда B2 сертификатини қўлга киритганим бунга мисол. Энди тўхташ йўқ. Ютуғимдан илҳомланиб, янада зафарли марраларни забт этаман”, дейди Шавкатжон Неъматжонов.

Шавкатжоннинг онаси Наргиза Жумабоева Учкўприк туманидаги 45-умумтаълим мактабида физика фанидан дарс беради. Онанинг айтишича, оилада боқилаётган сигирнинг сут-қатиғидан келаётган даромад ҳам ўғлининг билим олиши учун сарфланар экан.

Сарвар Зияев
Муаллиф Сарвар Зияев

Мавзуга оид