Таълим | 13:53 / 07.02.2026
2240
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар таълимга 39 трлн сўмдан ортиқ маблағ сарфлади

Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда таълим соҳасидаги хизматлар ҳажми 39,6 трлн сўмни ташкил этган. Бу 2024 йилга нисбатан 10,4 фоизга ошган.

Фото: Kun.uz

Статистик маълумотларга кўра, таълим хизматлари бозори ҳажми сўнгги йилларда барқарор ўсиш динамикасини намоён этмоқда. 2025 йилдаги 39,6 трлн сўмлик кўрсаткич таълимга бўлган талаб ортиб бораётганини кўрсатади.

Ҳудудлар кесимида энг катта улуш Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келиб, бу ерда таълим хизматлари ҳажми 18,8 трлн сўмни ташкил этган. Кейинги ўринларда Самарқанд вилояти — 3,1 трлн сўм, Наманган вилояти — 2,4 трлн сўм, Фарғона вилояти — 2,4 трлн сўм ва Тошкент вилояти — 2,2 трлн сўм қайд этилган.

Қолган ҳудудларда ҳам таълим хизматлари бозори сезиларли ҳажмга эга. Жумладан, Андижон ва Бухоро вилоятларида 1,9 трлн сўмдан, Қашқадарё вилоятида 1,7 трлн сўм, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида 1,3 трлн сўмдан ортиқ кўрсаткич қайд этилган.

Мутахассислар фикрича, таълим хизматлари ҳажмининг ўсиши нодавлат таълим муассасалари сонининг кўпайиши, олий ва касбий таълимга талабнинг ошиши ҳамда қўшимча таълим хизматларига қизиқишнинг ортиши билан боғлиқ.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид