Жаҳон | 08:22
2042
4 дақиқада ўқилади

Эронда Нобел мукофоти лауреати 7,5 йил қамоққа ҳукм қилинди

53 ёшли эронлик ҳуқуқ ҳимоячиси ва Нобел тинчлик мукофоти лауреати Наргис Муҳаммадий 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Сўнгги 20 йил ичида мамлакат ҳокимияти уни режимга қарши чиқишлари учун бир неча бор қамоққа ташлаган.

Наргис Муҳаммадий Фото: Nooshin Jafari/Middle East Images

Нобел тинчлик мукофоти (2023) лауреати бўлган эронлик ҳуқуқ ҳимоячиси Наргис Муҳаммадий 7,5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Associated Press агентлиги унинг адвокати Мустафо Нилининг якшанба куни, 8 февралда X ижтимоий тармоғида қилган нашрларига таяниб хабар берди.

Муҳаммадий 2025 йил 12 декабрда ҳуқуқ ҳимоячиси адвокат Хусрав Аликордийнинг маросими (вафотидан кейинги хотира тадбири) вақтида қўлга олинган. 2026 йил 2 февралда у очлик эълон қилган. 8 февралда эса 53 ёшли, жумладан аёллар ҳуқуқлари учун курашиб келаётган фаол 6 йилга “йиғилишларда иштирок этиш ва жиноят содир этиш мақсадида сўз бириктириш” айби билан, ҳамда яна 1,5 йилга “тарғибот” учун ҳукм қилинган. Бундан ташқари, қамоқ жазосини ўтаб бўлганидан кейин 2 йил давомида мамлакатдан чиқиб кетиш тақиқланади, шунингдек Муҳаммадий 2 йил Хусф шаҳрида яшаши шарт бўлади.

Нилининг сўзларига кўра, ҳуқуқ ҳимоячиси 3 кун олдин аҳволи ёмонлашгани сабаб шифохонага ўтказилган, аммо кейин яна қамоққа қайтарилган. Шу билан бирга, адвокат Муҳаммадийнинг соғлиғи ҳолатини ҳисобга олган ҳолда, у “даволанишдан ўтиши учун вақтинча гаров эвазига озод этилиши” мумкинлигини кутмоқда.

Наргис Муҳаммадий — Эрондаги Ҳуқуқ ҳимоячилари маркази вице-президенти. Сўнгги 20 йилда ҳокимият уни режимга қарши чиқишлари, шунингдек журналистик ва ҳуқуқ ҳимоячилик фаолияти учун бир неча бор қамоққа ташлаган. У жами 13 марта ҳибсга олинган. Янги ҳукмни ҳисобга олмаган ҳолда ҳам, унга тайинланган умумий қамоқ муддати 31 йилни ташкил этади, шундан у аллақачон 10 йилини ўтаб бўлган.

Хусусан, 2021 йилда Муҳаммадий “давлатга қарши тарғибот” учун 2,5 йил озодликдан маҳрум этиш ва 80 дарра уриш жазосига ҳукм қилинган. 2024 йил декабрда у соғлиғи сабабли уч ҳафтага жазо ижросидан озод қилинган, кейинроқ бу муддат узайтирилган.

Муҳаммадий тарафдорларининг айтишича, қамоқда ўтирган йиллари мобайнида у бир неча марта юрак хуружини бошидан кечирган, 2022 йилда эса унга шошилинч операция қилинган. 2024 йил охирида унинг адвокати шифокорлар унда суякда ўсма топганини маълум қилган. Кейинчалик у олиб ташланган.

8 февралда Эрон ҳокимияти, шунингдек, “Ислоҳотлар фронти” деб аталувчи мухолиф иттифоқ раҳбари бўлган 60 ёшли Азар Мансурийни, Эрон Ислом маслаҳат кенгаши (парламент)нинг 70 ёшли собиқ депутати Иброҳим Асгарзодани (1988–1992 йилларда депутат бўлган) ҳамда 68 ёшли ташқи ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Муҳсин Минзодани (1997–2005 йилларда бу лавозимда ишлаган) ҳам ҳибсга олган.

Эроннинг давлат агентлиги Fars маълум қилишича, уларга, жумладан, “миллий бирликни емириш”, конституцияни бузиш, “душманона тарғиботни мувофиқлаштириш” ва “махфий қўпорувчи механизмлар яратиш” каби айбловлар қўйилган. Қандай ҳаракатлар ҳибсга олишга сабаб бўлгани аниқлаштирилмаган. Аммо AFP агентлиги ёзишича, Мансурий, хусусан, декабр–январ ойларида Эронда бўлиб ўтган норозилик намойишларини қўллаб-қувватлаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид