Кўчмас мулк | 15:45 / 09.02.2026
2618
1 дақиқада ўқилади

Кўп квартирали уйлар: вилоят бош муҳандислари вазир ўринбосарига бўйсунади

“Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида бош муҳандислар учун вертикал бошқарув тизими йўлга қўйилади.

Фото: Kun.uz

Қарорга кўра, вазирликнинг ҳудудий бўлинмаларида «уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш ва эксплуатация ишларини мувофиқлаштириш бўйича бош муҳандис» лавозими жорий этилди. Ушбу лавозим Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда барча туман ва шаҳарларда мавжуд штатлар, шунингдек бюджетдан ажратиладиган қўшимча 89 та штат бирлиги ҳисобидан ташкил этилади.

Янги тартибга асосан, вилоят даражасидаги бош муҳандислар ҳудудий бошқарма бошлиғининг ўринбосари ҳисобланади ва тўғридан-тўғри вазир ўринбосарига бўйсунади. Бу, ўз навбатида, кўп квартирали уйлар эксплуатацияси, коммунал хизматлар ва жойлардаги техник масалаларни мувофиқлаштиришда бошқарув ва масъулиятни янада аниқлаштириши кутилмоқда.

Шу билан бирга, туман ва шаҳар бош муҳандислари бевосита вилоят бош муҳандисларига бўйсунадиган тартиб белгиланиб, соҳада ягона вертикал тизим шакллантирилди.

Қайд этилишича, ушбу бош муҳандис штат бирликлари давлат хизматчиларини қисқартириш бўйича топшириқлардан мустасно этиб белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид