Адлия вазирлиги «Кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидалари»ни давлат рўйхатидан ўтказди.

Янги қоидаларга кўра, кўп квартирали уйлар учун бошқариш органлари томонидан умумий техник паспорт юритилади.

Бошқариш органлари юк кўтарувчи конструкциялар, кузатув камералари ва домофонлар соз ҳолатда сақланиши, хомашё, материаллар, ёқилғи, инвентар ва хўжалик анжомларини сотиб олиш ишларини амалга оширади.

Кўп квартирали уйнинг фасад қисмларида ва умумий фойдаланиш ҳудудларида мулкдорлар умумий йиғилишининг қарори билан меъморчилик деталлари, рекламалар, афишалар, ва эълонларни ўрнатиш мумкин бўлади. Уйларда шовқин даражаси белгиланган санитария меъёрларидан ошмаслиги шарт.

Уйлар (зинапоялар, лифтлар, чиқинди камераси, чиқиндиларни тўплаш мосламалари ертўлалари ва бошқалар), туташ ҳудудлар заруратга кўра, бошқариш органи томонидан дератизацияланади, дезинсекция ва дезинфекцияланади.

Уйларнинг ертўла қисмидаги қувурларда авария ҳолати юзага келиши оқибатида сув ёки оқова сув тўпланиб қолса, бошқариш органи 24 соат мобайнида ертўладаги сув ва оқова массаларини чиқариб юбориши лозим.

Бошқариш органи томонидан ҳафтада бир марта кўп квартирали уйларнинг кириш йўлаклари ва лифт хоналарини тозалаш ҳамда доимий равишда лифт ускуналарини техник мониторинг қилиш амалга оширилади. Шунингдек, БСК томонидан кириш йўлаклари ва зинапоялар ёритиш чироқлари билан таъминланиши, ҳафтада бир марта тозаланиши, бир ойда камида бир марта деворлари билан қўшиб ювилиши керак. Энергия истеъмолини камайтириш мақсадида кириш йўлаклари ва зинапояларга энергия тежамкор сенсор лампалар ўрнатилиши мақсадга мувофиқ.

Нималар тақиқланяпти?

Янги ҳужжатга кўра, кўп квартирали уйларда қуйидагилар тақиқланди:

  • ёнғин хавфини келтириб чиқарувчи ускуналарни балкон ва лоджияга ўрнатиш;
  • балконда оғир буюмларни сақлаш;
  • балкон ва лоджиянинг фасад (ташқи) қисмида кир, кийим-кечак, гилам ва бошқаларни осиб қўйиш (ички қисми бундан мустасно);
  • уй ҳайвонларини умумий фойдаланишдаги жойларда, зинапояда, чердакда, ертўлада, шунингдек умумий фойдаланишдаги ошхонада, балконда ва лоджияда сақлаш;
  • кириш йўлакларининг зинапоя майдонида ва зинапоянинг остида ёнувчи материалларни сақлаш;
  • умумий иссиқлик параметрларига таъсир кўрсатувчи қайта режалаштириш (реконструкция) ишларини амалга ошириш, қўшимча иситиш юзаларига (иситилмайдиган юзалар) иссиқлик ускуналарини ўрнатиш, шунингдек, умумий мулк таркибига кирувчи иссиқлик тизимларига ўзгартириш киритиш.