Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кўп квартирали уйлардан фойдаланиш қоидалари янгича тартибга солинади
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидалари ишлаб чиқди.
Янги қоидалар мулкчилик шаклидан қатъи назар, кўп квартирали уйлар ва уларга туташ ҳудудларда умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва техник эксплуатация қилиш тартибини белгилайди. Ҳужжатда бино, иншоот, умумий мол-мулк, вентиляция, реконструкция, мукаммал таъмирлаш, мониторинг каби бир қатор асосий тушунчаларга аниқ таърифлар берилади.
Қоидаларга мувофиқ, кўп квартирали уйлар ва уйга туташ ҳудуддан фойдаланиш қуйидаги талаблар асосида амалга оширилиши лозим: аҳоли учун қулай ва хавфсиз яшаш шароитларини таъминлаш, уйларнинг муддатидан олдин эскириши ва авария ҳолатларини олдини олиш, назорат ва парваришлаш ишларини ўз вақтида ва сифатли бажариш, шунингдек ушбу жараёнларни ташкилий ва техник жиҳатдан мувофиқлаштириш.
Ҳужжатда кўп квартирали уйлардаги умумий мол-мулк таркиби аниқ санаб ўтилган. Жумладан, зиналар, лифтлар, умумий фойдаланишдаги йўлаклар, чордоқ ва ертўлалар, техник қаватлар, муҳандислик коммуникациялари, том ва юк кўтарувчи конструкциялар, ички сув таъминоти, оқова, иссиқлик ва электр таъминоти тизимлари, ахборот ва телекоммуникация тармоқлари, уйга туташ ер участкаси, спорт ва болалар майдончалари, автотураргоҳлар ва бошқа объектлар умумий мол-мулк сифатида қайд этилган.
Умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш учун сарфланадиган харажатлар жойлар мулкдорларининг умумий мулкдаги улушига мутаносиб равишда улар зиммасига юклатилади. Бунда уй-жой мулкдорлари томонидан бошқарувчи ташкилот билан тузиладиган шартномалар, уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки бевосита бошқариш шакли орқали хизмат кўрсатувчи ва пудратчи ташкилотларни жалб қилиш имкони назарда тутилган.
Қоидаларда кўп квартирали уйларни бошқариш шакллари, қурилиш ташкилотидан бошқарувчи ташкилотга уйни топшириш тартиби, умумий мол-мулк ҳолатини текшириш ва расмийлаштириш, шунингдек бошқарув органлари ҳамда мулкдорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилган. Жумладан, бошқарув органи уйнинг техник ҳужжатларини юритиши, бинолар ва муҳандислик тизимларини мунтазам кўрикдан ўтказиши, авария ҳолатларини бартараф этиш ва мавсумий тайёргарлик ишларини ташкил этиши шарт.
Ҳужжатда фундамент ва ертўла, деворлар, фасадлар, том ва қаватлараро ёпмалар, кириш йўлаклари, лифтлар, вентиляция каналлари, иссиқлик, сув ва оқова тизимлари, газ ва электр таъминоти, шунингдек уйларга ўрнатилган қуёш панелларидан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича алоҳида талаблар белгиланган. Энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, ҳисоблаш асбобларидан фойдаланиш тартиби ҳам қоидаларда ўз аксини топган.
Кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларни сақлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, чиқиндиларни тўғри тўплаш ва олиб чиқиш, қишки ва ёзги тозалаш ишларини ташкил этиш, газонлар ва дарахтларни парваришлаш каби вазифалар ҳам бошқарув органлари ва мулкдорлар масъулияти сифатида қайд этилган.
Қоидалар талабларини бузган шахслар белгиланган тартибда амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилиши назарда тутилган.
Мавзуга оид
09:05 / 06.06.2026
Қурилиш соҳасида сунъий интеллект жорий этилади
09:56 / 05.06.2026
Қурилишга рухсат олиш жараёни соддалаштирилади
15:05 / 01.05.2026
Балконда кир ёйишга тақиқ, БСКга эса аниқ мажбуриятлар. Кўп квартирали уйлар учун янги қоидалар тасдиқланди
08:01 / 21.04.2026