Жаҳон | 11:17
687
2 дақиқада ўқилади

ЕИ илк бор учинчи давлатлар портларига санкция қўллашни кўриб чиқмоқда

Европа Иттифоқи (ЕИ) Россияга қарши санкциялар доирасида илк бор учинчи давлатлар портларига — Гуржистондаги Кулеви ва Индонезиядаги Каримун портларига нисбатан чекловлар жорий этишни режалаштирмоқда. Санкциялар учун эҳтимолий асос сифатида Россия нефти билан боғлиқ операциялар келтирилган. Бу ҳақда душанба, 9 феврал куни Reuters агентлиги Еврокомиссия ва ЕИнинг ташқи алоқалар хизмати тайёрлаган ҳужжатга таяниб хабар қилди.

Фото: Reuters

Эҳтимолий чекловлар ЕИнинг Россияга қарши 20-пакет санкцияларига киритилиши мумкин. Ушбу пакетни 24 февралгача — Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланганининг тўртинчи йиллигига қадар қабул қилиш режалаштирилган. Агар бу амалга ошса, Европа Иттифоқи компаниялари ва хусусий шахсларига мазкур портлар билан ҳар қандай операцияларни амалга ошириш тақиқланади.

Бундан ташқари, ЕИ санкцияларига Қирғизистоннинг Keremet ва “Капитал Банк Центральной Азии” банклари, шунингдек, Лаос ва Тожикистондаги молиявий муассасалар ҳам тушиши кутилмоқда. Шу билан бирга, икки Хитой банкига нисбатан чекловларни бекор қилиш режалаштирилган.

Евроиттифоқ, шунингдек, Қирғизистонга металл кесувчи станоклар ва алоқа ускуналари — масалан, модемлар ва маршрутизаторлар импорт қилишни тақиқлаш ниятида.

Янги пакет доирасида Россиядан яна 30 нафар жисмоний шахс ва 64 та компанияга нисбатан санкциялар муҳокама қилинмоқда. Улар орасида “Башнефть” ҳамда Россиядаги саккизта нефтни қайта ишлаш заводи ҳам бор.

6 феврал куни 20-пакет тақдим этилганида, Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Россия нефтини ташиш билан боғлиқ “соя флоти” таркибидаги 43 та танкерга нисбатан чекловлар жорий этилишини ҳам эълон қилган.

Бундан ташқари, фон дер Ляйен сўзларига кўра, Россиянинг хом нефтини денгиз орқали ташишга тўлиқ тақиқ киритиш таклиф этилмоқда. Шунингдек, металллар импорти — никел, темир рудаси, мис, алюминий бўйича ҳам тақиқ муҳокама қилинмоқда. Импортни чеклашга оид бошқа эҳтимолий чоралар орасида Россиядан туз, аммиак, шағал, кремний ва мўйна келтиришдан воз кечиш ҳам тилга олинади. Янги пакет фақат ЕИга аъзо барча давлатлар розилиги билангина маъқулланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид