Таълим | 11:05 / 11.02.2026
2504
2 дақиқада ўқилади

10-синф ўқувчилари ўқишини техникумларга кўчириши мумкин бўлади

Касбий таълим ташкилотларига ўқишни кўчириш тартибини белгилашга қаратилган Ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унга кўра, мактабларнинг 10-синф ўқувчилари белгиланган шартлар асосида техникумларга ўқишини кўчириши мумкин бўлади.

Фото: Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Муҳокамалар порталига “Касбий таълим ташкилотлари ўқувчилари ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш, умумий ўрта таълим мактабларининг 10-синф ўқувчиларини техникумларга кўчириш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Лойиҳага кўра, мактабларнинг 10-синф ўқувчиларини техникумларга ўқишини кўчириш фақат жорий ўқув йилида бошланғич касбий таълим дастурлари асосида мактабларнинг 9-синф битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган кундузги таълим шаклига рухсат берилади.

Ўқишини кўчириш бўйича аризаларни рўйхатдан ўтказиш Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) ёки махсус платформа орқали қишки таътил даврида — 28 декабрдан 17 январгача амалга оширилади.

Талабгорлар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

— ўқувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки ID-картадаги ЖШШИР);
— вояга етмаганлар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома маълумотлари.

Маълум қилинишича, мазкур низом қоидалари нодавлат касбий таълим ташкилотлари учун тавсиявий ҳисобланади.

Ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси босқичида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид