Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари миллий рейтинги жорий этилади
Президент администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотларининг миллий рейтингини юритиш ва рағбатлантириш тартибини белгилайдиган низом лойиҳасини тайёрлади. Рейтинг маълумотлари ҳар йили 30 июн ҳолатига шакллантирилиб, натижалар 10 октябрга қадар эълон қилиниши кўзда тутилган.
Ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотларининг миллий рейтингини юритиш ва рағбатлантириш тартибини белгилайдиган низом лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжатга кўра, миллий рейтингни президент администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги юритади.
Низомда рейтингнинг асосий мақсадлари сифатида таълим ташкилотлари ўртасида шаффоф рақобат муҳитини шакллантириш, таълим хизматлари сифати ва меҳнат бозори талаблари уйғунлигини кучайтириш, таълим ташкилотларининг нуфузини ошириш ҳамда маълумотларга асосланган бошқарувни ривожлантириш белгиланган.
Лойиҳага мувофиқ, миллий рейтинг объекти — битирувчилари мавжуд бўлган ўрта махсус ва давлат касбий таълим ташкилотлари ҳисобланади. Шу билан бирга, ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотлари, айрим халқаро таълим дастурлари жорий қилинган техникумлар, шунингдек, илғор касбий маҳорат техникумлари бўйича миллий рейтинг юритилмаслиги қайд этилган.
Маълумотлар базаси ҳисобот йили якунлари бўйича ҳар йили 30 июн ҳолатига шакллантирилади. Бунда маълумотлар махсус платформа орқали тегишли вазирлик ва идоралар ахборот тизимлари, таълим ташкилотлари юклайдиган ҳужжатлар ҳамда умуммиллий сўровнома натижалари асосида жамланади. Таълим ташкилотлари айрим тасдиқловчи ҳужжатларни махсус платформага 1 июлдан 15 июлга қадар юклайди ва ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги учун ташкилот раҳбари шахсан жавобгар бўлиши белгиланган.
Рейтинг натижалари мезонлар бўйича йиғилган умумий баллар асосида шакллантирилади: ҳар бир индикатор бўйича энг юқори натижага эришган ташкилот максимал балл олади, қолганларники эса пропорционал тарзда ҳисобланади. Натижалар ҳар йили 10 октябрга қадар агентликнинг расмий веб-сайти ва ОАВ орқали эълон қилиниши кўзда тутилган.
Шунингдек, таълим ташкилоти рейтинг натижалари эълон қилинганидан кейин 10 иш куни ичида махсус платформа орқали электрон тарзда мурожаат киритиш ҳуқуқига эга. Мурожаатлар 15 иш кунида кўриб чиқилади.
Рағбатлантириш механизмига кўра, миллий рейтингда энг юқори ўринни эгаллаган 50 та касбий таълим ташкилотининг ҳар бири давлат бюджети ҳисобидан БҲМнинг 3 000 баравари миқдорида рағбатлантирилади. Ажратилган маблағларнинг 80 фоизи моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, 20 фоизи эса раҳбар ва ходимларни моддий рағбатлантириш, малака ошириш ва тажриба алмашиш харажатларига йўналтирилиши мумкин. Рейтинг бўйича рағбатлантирилган касбий таълим ташкилотларига кейинги икки йил мобайнида миллий рейтингда иштирок этишда танаффус берилиши ҳам назарда тутилган.
Мавзуга оид
08:17 / 01.06.2026
Электр энергиясига талаб ошиб бормоқда: дунё рейтинги тақдим этилди
08:05 / 15.05.2026
Дунёдаги энг йирик портлар рейтинги эълон қилинди
08:17 / 11.05.2026
Мис захиралари қайси давлатларда тўпланган? Жаҳон рейтинги
08:38 / 22.04.2026