Иқтисодиёт | 10:05
1965
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон қаторасига олтинчи йил ЕТТБ энг кўп молиялаштирган давлат бўлди

Ўзбекистон кетма-кет олтинчи йил Европа Тикланиш ва тараққиёт банкидан энг кўп маблағ жалб қилган давлат бўлди. Банкнинг Ўзбекистонга 2025 йилдаги инвестициялари 1 млрд доллардан ошди – бу ўзаро ҳамкорлик тарихидаги энг юқори кўрсаткич.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Европа Тикланиш ва тараққиёт банки 2025 йилда Ўзбекистонга 1 млрд доллардан ортиқ сармоя киритди ва бу – ўзаро ҳамкорлик тарихидаги энг юқори кўрсаткич. Бу ҳақда банк томонидан Kun.uz'га тақдим этилган релизда сўз боради.

Қайд этилишича, Ўзбекистон 2025 йилда ҳам ЕТТБдан энг кўп маблағ жалб қилган давлат бўлган. Шу тариқа, кетма-кет 6 йилдан буён ЕТТБ Ўзбекистонга энг кўп сармоя киритиб келмоқда.

ЕТТБнинг Ўзбекистондаги фаолияти учта асосий йўналишни қамраб олади:

  • барқарор инфратузилмани яратиш (жами молиялаштиришнинг 45 фоизидан ортиғи);
  • кичик ва ўрта бизнес, аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги, иқлим ўзгаришига чидамлилик ва ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш учун маҳаллий банкларга кредит ажратиш (39 фоиз);
  • хусусий ишлаб чиқарувчилар ва хизмат кўрсатувчиларни қўллаб-қувватлаш (16 фоиз).

Ажратилган кредитларнинг 84 фоизи хусусий тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга, салкам 60 фоизи эса яшил иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшади.

ЕТТБ, жумладан, Марказий Осиёдаги энг йирик – 1 GW қувватли қуёш электр станцияси ва энергия сақлаш тизими (BESS – 1 336 MW/соат) қурилишини молиялаштирмоқда. Лойиҳа ACWA Power билан ҳамкорликда амалга ошириляпти.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йил 1 октябр ҳолатига Ўзбекистоннинг ЕТТБ олдидаги давлат ташқи қарзи 426 млн долларни ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, ЕТТБ 2026 йилда Асакабанкнинг 15 фоиз акциясини сотиб олиши кутилмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев

Мавзуга оид